Янгиликлар
Энг мудҳиш иллат
Одам савдоси дунёдаги энг глобал муаммолардан бирига айланган. Афсуски, дунё бўйлаб шунча кенг қамровли фаолият, тегишли тарғибот-ташвиқот олиб борилишига қарамай, ҳар йили миллионлаб инсонлар “замонавий қуллик”, яъни одам савдоси қурбонига айланмоқда. Улар орасида аёллар, кексалар, ҳатто ёш болалар ҳам борлиги ачинарли. Ушбу жиноятнинг ривожланишига туртки бўлаётган асосий омиллардан бири одамларнинг чет элга бориш ва ишга жойлашиш ҳақида етарли маълумотга эга эмаслигидир. Ачинарлиси, ўзга давлат, бегона бир муҳитга тушиб қолганлар мўмай даромад илинжида оғир жисмоний меҳнатга ёлланмоқда, аёллар эса тубан ва фаҳш ишларга мажбур этилмоқда.
Одам савдоси куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд бошқа мажбурлаш шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун уни тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш орқали одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш. Одамлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг бошқа шаклларини, мажбурий меҳнат ёки хизматларни, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатларни, эрксиз ҳолат ёхуд инсон аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олишни англатади.
Бу иллатга қарши курашиш одам савдосининг олдини олиш, уни аниқлаш, унга чек қўйиш, унинг оқибатларини минималлаштириш, одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича фаолият бўлиб, унга қарши курашиш қонунийлик, одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар жавобгарлигининг муқаррарлиги, одам савдосидан жабрланганларнинг камситилишига йўл қўймаслик ва ижтимоий ҳамкорлик принципларига асосланади.
Одам савдосига қарши курашиш бўйича фаолият Ички ишлар органлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Ташқи ишлар вазирлиги, дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалар, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа давлат органлари томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин.
Одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатувчи ва уларни ҳимоя қилувчи ихтисослаштирилган муассасалар ташкил этилган.
Одам савдосидан жабрланганлар ижтимоий реабилитация қилинади, яъни уларни нормал турмуш тарзига қайтариш мазкур шахсларга юридик ёрдам берилади, психологик, тиббий, касбий реабилитация қилинади, ишга жойлаштирилади ва вақтинчалик турар жой берилади.
Одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Ихтисослаштирилган муассасаларнинг раҳбарлари уларда одам савдосидан жабрланган болалар ҳақида маълумот пайдо бўлган тақдирда, қонун ҳужжатларига мувофиқ одам савдосидан жабрланган болаларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш мақсадида бу ҳақда васийлик ва ҳомийлик органларига дарҳол хабар қилиши шарт.
Ихтисослаштирилган муассасаларга жойлаштирилган одам савдосидан жабрланган болаларга қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат таълим муассасаларига қатнаш имконияти берилади.
Агар одам савдосидан жабрланган болалар ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган бўлса ёки ўз оиласи турган жойдан бехабар бўлса, уларнинг ота-онасини ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахсларни қидириш чоралари кўрилади.
Мамлакатимизда одам савдосига қарши курашиш ва жабрланганларга берилаётган бу каби кўмак ва мадад тўғрисида такрор ва такрор тушунчалар бермоғимиз, ҳар бир фуқаронинг бу савдонинг домига тушиб қолмаслигига эришмоғимиз лозим.
Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси
масъул ходими
Бобоева Венера