Янгиликлар
Ишсиз деб эътироф этилган шахслар ва уларга давлат томонидан бериладиган имтиёзлар.
1. Савол: Кимлар ишсиз деб ҳисобланади?
Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонунига кўра, 16 ёшдан то пенсия билан таъминланиш ҳуқуқини олишгача бўлган ёшдаги, ҳақ тўланадиган ишга ёки даромад келтирадиган машғулотга эга бўлмаган, иш қидираётган ва иш таклиф этилса, унга киришишга тайёр бўлган ёхуд касбга тайёрлашдан, қайта тайёрлашдан ўтишга ёки малакасини оширишга тайёр бўлган, ишга жойлашишда кўмак олиш учун маҳаллий меҳнат органларига мурожаат қилган ва улар томонидан иш қидирувчи сифатида рўйхатга олинган меҳнатга лаёқатли шахслар ишсиз деб эътироф этилади. Маҳаллий меҳнат органида рўйхатга олинган пайтдан бошлаб 10 кун ичида ўзларига таклиф қилинган мақбул келадиган ишни 2 марта рад қилган шахслар иш қидираётган деб эътироф этилмайди ва таклиф қилинган ишни рад этган пайтдан бошлаб 30 календарь кун ўтгандан кейингина ишсиз сифатида такроран рўйхатга олиниш ҳуқуқига эгадир.
2. Савол: Ишсиз деб топилган шахслар давлат томонидан қандай моддий ёрдам билан таъминланадилар?
Жавоб: Қонунчиликка кўра, давлат томонидан ишсиз шахсларга қуйидагилар кафолатланади: яъни
ишсизлик нафақаси тўлаш;
меҳнат органларининг йўлланмаси бўйича касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки малака ошириш даврида стипендия тўланиши ҳамда шу даврни умумий меҳнат стажига қўшиш;
ишсиз шахсга қарамоғидагиларини ҳисобга олган ҳолда моддий ёрдам бериш;
ҳақ тўланадиган жамоат ишларида қатнашиш имконияти;
меҳнат органларининг таклифига биноан ишлаш учун ихтиёрий равишда бошқа ерга кўчиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш.
3. Савол: Ўз ўрнида ишсизлик нафақаси олувчиларнинг қандай мажбуриятлари бор?
Жавоб: Ишсизлик нафақаси олувчиларнинг қонунчиликка кўра кўйидаги мажбуриятлари мавжуд. Булар
-иш қидириш;
Ҳар хафтада камида бир марта туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказига ишга ёки касбга тайёрлашга, малакасини оширишга йўлланма олиш учун мурожаат қилиши шартлигидир.
Узрсиз сабабларга кўра ушбу талаблар бажарилмаганда, ишсизлик нафақасини тўлаш 3 ойгача муддатга тўхтатиб қўйилиши ёки нафақанинг миқдори камайтирилиши мумкин.
4. Савол: Ишсизлик нафақасини тўлаш қандай ҳолатларда тўхтатиб турилиши мумкин?
Жавоб: Ишсиз шахс касбга ўрганиш, қайта тайёрлаш ёки малакасини оширишга юборилган бўлса, - стипендия олиб касбга ўрганиш, қайта тайёрлашдан ўтиш ёки малака ошириш даврида;
Ишсиз шахс ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасида даволаш курсини ўтаётган бўлса, бундай муассасада бўлган даврида;
Ишсиз шахс ҳақ тўланадиган жамоат ишларида иштирок этаётган бўлса, бундай ишларда иштирок этган даврида ишсизлик нафақаси тўхтатиб турилиши мумкин.
5. Савол: Қандай ҳолларда ишсизлик нафақаси тўлаш бекор қилинади?
Жавоб: Қонунчиликка кўра,
-ишсиз шахс ишга жойлашганда;
-ишсиз шахс таклиф қилинган мақбул келадиган ишни икки марта рад қилган тақдирда;
Қарамоғида учтагача киши бўлган, ўттиз беш ёшга тўлмаган ишсиз эркак ҳақ тўланадиган жамоат ишларида иштирок этишни рад этган тақдирда;
Ишсиз пенсия таъминоти ҳуқуқини олган тақдирда;
Суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этилганида;
Ишсиз шахс ишсизлик нафақасини олиб турган даврда маҳаллий меҳнат органини хабардор қилмай вақтинча ишга жойлашган бўлса;
Ишсизлик нафақасини алдов йўли билан олаётган бўлса;
Ишсиз шахс вафот этган тақдирда ишсизлик нафақаси тўлаш бекор қилинади.
Мадад ННТ Ғузор туман ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутахассиси Адилов Зафар Ташпулатович.