Янгиликлар
Маҳалла раисига жарима жазоси тайинланди
Ғузор туман адлия бўлими томонидан Ғузор туман Пачкамар ҚФЙ Қоракамар қишлоғида яшовчи фуқаро Добрякова Таня Вячеславовнанинг 2020 йил 28 январда туғилган фарзандига 02 ёш учун бериладиган нафақа пули олишда амалий ёрдам сўраган аризаси юзасидан ўрганиш ўтказиш давомида қуйидаги қонунбузилиш ҳолатлари маълум бўлди.
Фуқаро Т.Добрякова Пачкамар ҚФЙ раисига фарзандига нафақа пули олишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган ҳамда мазкур мурожаат ҚФЙ раиси Ҳ.Мейлиқулов томонидан ўрганиб чиқилган бўлсада, мурожаат муаллифига 105 кундан буён жавоб хати бермаган.
Ўзбекистон Республикаси “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунга асосан мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан қарор қабул қилиниши, бу ҳақда мурожаат қилувчига дарҳол ёзма ёки электрон шаклда хабар қилиниши белгиланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Мейлиқулов Ҳамидулло Ҳайитмуродович Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 43-моддасида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганлиги сабабли унга нисбатан маъмурий баённома тузилган.
Ҳолат юзасидан Ғузор туман маъмурий ишлар бўйича судининг
2020 йил 18 май кунидаги қарорига кўра, МЖтКнинг 43-моддасига асосан Пачкамар ҚФЙ раиси Ҳ.Мейлиқуловга энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробари, яъни 223000 сўм жарима жазоси тайинланди.