Янгиликлар
Қўллаб-қувватлашлар давом этмоқда
Коронавирус пандемияси даврида иқтисодий ўсиш ва инвестициявий фаолликни рағбатлантириш, ишлаб чиқариш суръатларини тиклаш, аҳоли бандлигини ошириш, даромадларини кўпайтириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 18 май куни “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5996-сон Фармони қабул қилинди.
Унга кўра, қуйидагилар 2020 йилнинг 1 июнидан 1 сентябригача мол-мулк солиғи ва ер солиғи тўлашдан озод қилинади:
- кичик тадбиркорлик субъектлари;
- бозорлар ва савдо комплекслари, кинотеатрлар, умумий овқатланиш жойлари, жамоат транспорти корхоналари, спорт-соғломлаштириш муассасалари, йўловчи ташиш, маиший хизмат кўрсатиш, биноларни, шу жумладан банкетлар ўтказиш учун ижарага бериш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар.
Кичик тадбиркорлик субъектларига қуйидаги суммаларни ҳисобдан чиқариш кўринишида давлат томонидан қўшимча қўллаб‑қувватлаш тақдим этилади:
- Президентнинг ПФ-5969‑сон ва ПФ‑5978‑сон фармонларига асосан фоизсиз кечиктириш (бўлиб‑бўлиб тўлаш) берилган, 2020 йил апрель ва май ойлари учун тўланиши лозим бўлган мол-мулк солиғи ва ер солиғи суммалари;
- 2020 йил 15 май ҳолатига ер солиғи ва мол‑мулк солиғи бўйича
2020 йил 1 январдан бошлаб ҳосил бўлган пеня ва жарималар суммалари.
2020 йилнинг 1 майидан 1 июлигача бўлган даврда микрофирма ва кичик корхоналарга ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизгача камайтирилади.
Бунда акцизости товарлар ишлаб чиқарувчилар, давлат корхоналари ва устав жамғармасида давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган юридик шахслар бундан мустасно.
Микрофирма ва кичик корхоналарда 2020 йил 15 май ҳолатига солиқлар, пенялар ва солиқ қонунчилигини бузганлик учун ҳисобланган жарималар бўйича мавжуд бўлган қарздорликни ундириш 2020 йил 1 сентябргача тўхтатилди.
14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олувчилар сони 2020 йил
1 июндан бошлаб қўшимча 10 фоизга оширилди.