Янгиликлар
Янги тартибдаги фаолият юзасидан фикр алмашилди
Сўнгги йилларда мамлакатимизда нотариат институтининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш ҳамда нотариал идоралар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга ҳуқуқий хизмат кўрсатиш сифат даражасини ошириш бўйича изчил ишлар амалга оширилаётганлиги сабабли, нотариал хизматлар кўрсатишнинг тезкорлигини ошириш мақсадида Нотариал палата Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси ташаббусига биноан Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси ҳамкорлигида жорий йилнинг 16 май куни вилоятдаги хусусий нотариал фаолият билан шуғулланувчи нотариуслар иштирокида давра суҳбати ўтказилди.
Давра суҳбатининг кириш сўзида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 мартдаги “Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги Қарорининг мазмун-моҳияти юзасидан фикр юритилди.
Суҳбат давомида Нотариал палата Қашқадарё вилоят ҳудудий бошкармасининг касб-этика комиссияси аъзолари овозга қўйилиб, бир овоздан сайлаб олинди ҳамда нотариусларга нотариал харакатларни амалга оширишда вилоятда ягона нотариал амалиётни жорий қилиш, намунали нотариал идора фаолиятини ташкил этиш, жумладан ходимлар билан ишлашда меҳнат қонунчилиги талабларини қўллаш тартиби, бухгалтерия ҳисобини юритиш ва солиқ органларига ҳисобот топшириш тартиби ҳамда банк ва бошқа давлат идоралари билан муносабатлар масалалари кўриб чикилди.
Шунингдек, вилоят адлия бошқармаси билан келгусида вилоятдаги хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар билан давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида юзага келадиган соҳага оид муаммолар ечимини топишда Нотариал палатанинг ҳудудий бошқармасига доимий равишда амалий ёрдам бериб бориш ва хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг иш самарадорлиги натижасини ошириш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга сифатли нотариал хизмат кўрсатиш бўйича нотариуслар томонидан доимий равишда бериб бориладиган қонунчиликка оид таклифларни адлия вазирлигига юбориш йўли билан амалдаги қонунчиликларни такомиллаштириб бориш юзасидан келишиб олинди.