Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

18

Саволингиз юзасидан...


Савол: Яқинда ишдан бўшадим, лекин 2015-2019 йилларда меҳнат таътилига чиқмаганман. Фойдаланилмаган таътилларни олиш тартиби қандай?

 

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексинин 151-моддасига асосан меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланади.

Шунга асосан 2015-2019 йиллар мобайнидаги иш даврида фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун пуллик компенсация тўланади.

 

Савол:  Алимент қарзини ундириш тартиби қандай?

 

Жавоб: Оила кодексининг 139-моддасига асосан, алимент қарзи алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадидан ундирилади.

Иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромад етарли бўлмаганда, алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг банклар ва бошқа кредит ташкилотларидаги ҳисобварақларида турган пул маблағидан ундирилади.

Агарда бу маблағ ҳам етарли бўлмаганда шахснинг қонун бўйича ундириш қаратилиши мумкин бўлган ҳар қандай мол-мулкига қаратилади.

 

Савол: Ҳозирда 58 ёшдаман ишлаётган корхонам тугатилганлиги муносабати билан ишсиз қолганман. Мен ушбу ёшимда ҳам ёшга доир пенсияга муддатидан олдин чиқишим мумкинми?

 

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунининг 14-моддасига асосан технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ва ишсиз деб эътироф этилган шахслар:

эркаклар — 58 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда;

аёллар — 53 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

 

Савол: Алимент миқдорини камайтириш ёки алимент тўлашдан озод қилиш мумкинми?

 

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 105-моддасига мувофиқ, алимент тўлаётган ота-онанинг бошқа вояга етмаган болалари бўлиб, ундан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундирилганда ўша болалар алимент олаётган болаларга нисбатан моддий жиҳатдан камроқ таъминланиб қоладиган бўлса, шунингдек алимент тўлаётган ота (она) ногирон бўлиб, моддий жиҳатдан қийналиб келаётган бўлса ёки алимент олаётган шахс мустақил даромадга эга бўлган тақдирда, алимент миқдори суд томонидан камайтирилиши мумкин.

Агар вояга етмаган бола давлат ёки нодавлат муассасаларининг тўлиқ таъминотида бўлса, суд алимент тўлаётган ота ёки онанинг моддий аҳволини ҳисобга олиб, тўланаётган алимент миқдорини камайтириш ёки уни алимент тўлашдан озод қилиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин. Алимент миқдорини камайтириш ёки уни тўлашдан озод қилиш учун асос бўлган ҳолатлар тугаганда манфаатдор тараф алимент қонунда белгиланган миқдорда ундирилишини талаб қилиб, судга мурожаат этишга ҳақли.

 

Савол: Мен 29 кун белгиланган тартибда карантинда бўлдим ва карантинда сақланганим тўғрисида маълумотнома беришди. Иш жойимдан бу маълумотнома фақат ишга сабабсиз кела олмаганликни тасдиқлайди ҳамда ҳеч қандай компенсация ёки меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тўланмайди дейишди. Бу қанчалик тўғри?

 

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ–5969 сонли Фармонига асосан коронавирус инфекцияси билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан карантинга жойлаштирилган ота-оналар (улар ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек, уларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади.

 

Саволларга “Мадад” ННТнинг Ғузор туман

ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутахассиси

З.Адилов жавоб берди.

 

Ҳуқуқий тусга эга бўлган масалангиз бўйича “Мадад” ННТ Ғузор тумани ҳуқуқий маслаҳат бюросига +99899-722-39-45 рақамли мобиль телефони орқали ва телеграмм бот (Madadnnt_bot) орқали, “Advice.uz” (e-maslahat.uz) ҳуқуқий ахборот порталидан онлайн тарзда саволларингизни берган ҳолда уйингиздан чиқмаган ҳолда ечимини топишга имконият яратилган.

Шунингдек, Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг!

Telegram (https://t.me/Madadnnt_bot)

Facebook (https://www.facebook.com/adviceuz)

YouTube (https:www.youtube.com/adviceuz)

Instagram (http://instagram.com/madadnnt)