Янгиликлар
ОИЛА МУҚАДДАС ДАРГОҲ
Бирлашган миллатлар ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1993 йил
20 сентябрдаги ялпи йиғилишида 1994 йилдан бошлаб 15 май кунини- Халқаро оила куни деб белгиланган. Президентимизнинг 2018 йил
27 июндаги “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ҳар йили 15 май мамлакатимизда Халқаро оила куни сифатида нишонланади.
Оила жамиятнинг асосий бўғини сифатида ўзига ҳос ижтимоий вазифани бажаради. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамиятимиз ҳам мустаҳкам бўлади. Республикамизда оилага эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб Ўзбекистон Республикаси Конституциясида алоҳида оила бобида давлат миқиёсидаги масала сифатида оила институтининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамлаб қуйилган.
Бош қомусимизга мувофиқ оила жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланиб, у жамият ва давлат муҳофазасидадир.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳатлар самараси улароқ, ижтимоий ҳуқуқий муносабатларнинг бир тури сифатида никоҳ-оила муносабатлари Ўзбекистон Республикаси Оила кодексида ҳам ҳуқуқий тартибга солинади.
Маълумки, оиланинг ҳуқуқий асосини фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида қонуний рўйхатдан ўтказилган никоҳ ташкил этади. Шариат қоидаларига асосан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас ва ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармайди.
Қонуний никоҳ эр-хотиннинг ўзаро ахдлашуви, иттифоқи сифатида муайян шартларга риоя қилиниб тузилади ва никоҳланувчилар ўртасида маълум ҳуқуқ ва мажбуриятларни келтириб чиқаради.
Оилавий муносабатлар кенг қамровли бўлиб, улар нафақат ҳуқуқий нормалари билан тартибга солинади, балки унда одоб-аҳлоқ ва урф-одат қоидалари ҳам амал қилади.
Соғлом фарзанд бу соғлом миллат дегани ҳар қандай ота-она ўз фарзандини ақлан, жисмонан баркамол тўғилишини истайди. Қариндош бўлмаган эр-хотинлардан фарзанд туғма нуқсон билан дунёга келиши эҳтимоли 2-4 фоиз бўлса, қариндош эр-хотинлардан бу кўрсатгич 4-6 фоизни ташкил этади. Бу икки ҳолатдаги фарқ унча катта эмас ва фарзанд кўрмасликка қарор қилишга жиддий сабаб бўла олмайди. Бироқ ҳам ота ҳам онадан касаллик генлари ўтгандагина боланинг нуқсон билан тўғилиши эҳтимоли икки барбар ва хатто ундан ҳам ошади. Аёл саломатлиги меваси соғлом фарзанддир. Қон қариндошлар ўртасидаги нокоҳнинг маъқул эмаслиги ҳақида мутафаккир олим ва улуғ хаким Абу Али Ибн Сино ҳам сўз юритиб “Тиб қонунлари” асарида қатор касалликлар наслдан наслга ўтиши, суяк суриши, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳлар оқибати кўрсатиб ўтилган.
Дарҳақиқат, оиланинг мустаҳкам бўлиши энг аввало, оила аъзоларининг саломатлигига бевосита боғлиқдир. Соғлом оила жамият пойдеворидир. Буни оила қуриш остонасида турган ёшларимизга доимий равишда сингдирмоғимиз зарурдир.
Президентимизнинг ушбу йўналишдаги фармон ва қарорларининг ҳаётга тадбиқ этилиши, шубҳасиз, фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилишдаги ҳамда никоҳланувчи ёшларнинг масъулиятини янада ошириб бормоқда.
Бир сўз билан айтганда Оила – тўкис, бағрибутун қўрғон бўлсин. Жамиятнинг бош бўғини ҳисобланган оила барқарорлиги бардавом бўлсин.
Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси
бўлим бошлиғи Н.Саттарова