Янгиликлар
24
Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар.
Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш юзасидан кўрилаётган
чора-тадбирлар.
Хитойда пайдо бўлган ва бугунги кунда деярли барча мамлакатларда тарқаб улгурган коронавирус пандемияси бизнинг Ўзбекистонимизга ҳам кириб келди. Бунинг оқибатида аҳоли қанча кўп жиддий синовларга дуч келаётган бўлса, келгусида корхона, ташкилотлар, энг аввало, хизмат кўрсатиш соҳаси ўта жиддий муаммоларга, молиявий қийинчиликларга дуч келиши кутилмоқда.
Натижада иқтисодиёт тармоқларини инқирознинг жиддий оқибатларидан сақлаш, уни юмшатиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш алоҳида аҳамият касб этди.
Бу борада пандемия даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, кўплаб имтиёз ва преференциялар бериш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни белгилаб берган давлатимиз раҳбарининг жорий йил 19 март кунидаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5969-сонли ва 3 апрель кунидаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5978-сонли Фармонлари халқимиз, тадбиркорлик субъектлари томонидан юксак эътирофга лойиқлиги қайд этилмоқда.
Хусусан, Фармонларга кўра инқироз даврида тадбиркорлик субъектларига ва жисмоний шахсларга солиқларни ҳисоблаш ва тўлаш муддатлари бўйича имтиёзларни тақдим этиш, ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш ва вақтинча қийинчиликларни бошдан кечираётган хўжалик юритувчи субъектларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича пенялар ҳисобланишини тўхтатиб туриш белгиланди.
Бундан ташқари, туризм тармоғи корхоналарига ва ташқи савдо операцияларига жорий этилган чекловлар туфайли молиявий қийинчиликларга дуч келган хўжалик юритувчи субъектларга банклар томонидан ажратилган кредитлар бўйича қарздорликларни тўлашни карантин даврида кечиктириб туриш, корхоналарга айланма маблағларни тўлдириш учун қайта тикланадиган револьвер кредитлар ажратиш каби бир қатор имтиёзлар белгиланди.
Карантин даврида ҳар хил чекловлар натижасида молиявий қийинчиликка дуч келган тадбиркорлар ва аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг банклар олдидаги кредит қарзларини тўлаш муддатини
1 октябргача кечиктирилиши белгиланди.
Фармонларда карантин даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, соғлиқни сақлаш соҳасини ва кичик бизнес ҳамда ҳунармандчиликни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратиш лозимлиги алоҳида кўрсатиб ўтилди.
Мунтазам равишда ўтказиб келинаётган йиғилишларда ҳам Юртбошимиз томонидан айнан Фармонларда белгиланган масалаларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, мамлакатимизда карантин даврида ҳам ва ундан кейин ҳам молиявий қийинчиликка дуч келган аҳоли ва барча тоифадаги субъектлар мурожаати эътиборсиз қолдирилмаслиги ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш лозимлиги алоҳида таъкидланмоқда.
Бу мураккаб синовларни енгиб ўтишга барчамиз бир тану жон бўлиб, карантин даврида белгилаб берилган талабларга тўлиқ риоя қилиш орқали ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим.
“Мадад” ННТ Ғузор туман ҳуқуқий
маслаҳат бюроси бош мутахассиси
З.Т.Адилов