Янгиликлар
24
Сўраган эдингиз...
Сўраган эдингиз...
1. Савол: Байрам кунлари иш вақти қандай тартибда бўлади?
Жавоб: Меҳнат кодексининг 121-моддасига асосан байрам (ишланмайдиган) кунлари (131-модда) арафасида кундалик иш (смена) муддати барча ходимлар учун камида бир соатга қисқартирилади.
2. Савол: Йиллик асосий таътил биринчи иш йили учун олти ой ўтмасдан бериладими?
Жавоб: Меҳнат кодексининг 143-моддаси 3-қисмига асосан таътил қуйидаги ходимларга уларнинг хоҳиши бўйича олти ой ўтмасдан олдин берилади:
аёлларга – ҳомиладорлик ва туғиш таътили олдидан ёки ундан кейин;
I ва II гуруҳ ногиронларига;
ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга;
муддатли ҳарбий хизматдан резервга бўшатилган ва ишга жойлашган ҳарбий хизматчиларга;
ўриндошлик асосида ишлаётганларга – асосий иш жойидаги таътил билан бир вақтда, ўриндошлик асосида ишлаган вақтига мутаносиб равишда ҳақ тўлаган ҳолда;
ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда умумий таълим мактабларида, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларида, кадрларнинг малакасини ошириш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш институтлари ва курсларида ўқиётганларга, агар улар ўзларининг йиллик таътилларини имтиҳонлар, синовлар (зачётлар) топшириш, диплом, курс, лаборатория ва бошқа ўқув ишларини бажариш вақтига тўғрилаб олишни хоҳласалар;
технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки ишлар хусусияти ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ходимларга.
Саволларга Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси бўлими бошлиғи Э.Исмоилов жавоб берди.