Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

23

Нотариат соҳаси бўйича келиб тушган саволларга қуйидагича жавоб берамиз.


                                             Нотариат соҳаси бўйича келиб тушган саволларга қуйидагича жавоб берамиз.

1.Савол: Қандай ҳолларда нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этилади?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг
38-моддасига кўра, нотариус қуйидаги ҳолларда нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этади, агар:
бундай ҳаракатни амалга ошириш қонунга зид бўлса;
бу ҳаракат бошқа нотариус томонидан амалга оширилиши керак бўлса;
муомалага лаёқатсиз фуқаро ёхуд зарур ваколатлари бўлмаган вакил нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган бўлса;
юридик шахс номидан амалга ошириладиган битим унинг уставида ёки низомида кўрсатилган мақсадларга зид бўлса;
битим қонун талабларига мувофиқ бўлмаса;
нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун тақдим этилаётган ҳужжатлар қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлмаса.
Нотариал ҳаракатни амалга ошириш рад этилган тақдирда нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш ҳақида нотариус мурожаат қилинган кундан бошлаб уч кундан кечиктирмасдан қарор чиқаради.
Нотариус нотариал ҳаракатни амалга ошириш тўғрисидаги мурожаати рад этилган шахснинг илтимосига биноан рад этиш сабабини ёзма равишда баён этиши ва рад этиш устидан шикоят қилиш тартибини тушунтириб бериши лозим.

2. Савол: Гаров ёки ипотека шартномасини расмийлаштириш учун нотариус қандай ҳужжатларни талаб қилади?
Жавоб: “Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг (рўйхат рақами 3113, 2019 йил 4 январь) 68-бандига кўра, гаров (ипотека) шартномасини тасдиқлаш учун нотариус қуйидагиларни талаб қилади:
гаров (ипотека) нарсасига нисбатан мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат;
кадастр маълумотномаси (кўчмас мулклар учун);
асосий мажбурият ҳақидаги шартнома (кредит ёки қарз шартномаси, маҳсулот етказиб бериш, контрактация, транспорт экспедицияси ва бошқалар) нусхаси;
гаровга (ипотекага) қўйилган мол-мулкнинг гаровга олувчи ва гаровга қўювчи билан биргаликдаги тузилган баҳолаш далолатномаси ёки баҳоловчи ташкилотнинг хулосаси;
гаровга (ипотекага) қўйилаётган мол-мулк умумий мол-мулкни (эр-хотиннинг биргаликдаги мулки) ташкил этса, барча мулкдорларнинг (эр-хотиннинг) розилиги;
ипотекага қўйилаётган мол-мулк хусусийлаштирилган турар жой бўлса Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий органларидан (Тошкент шаҳрида — «Тошкент шаҳар уй-жойларга давлат ордерлари ва маълумотномалар бериш маркази» давлат унитар корхонасидан) олинган турар жойни хусусийлаштиришга розилик берган шахслар тўғрисида маълумотнома;
хусусийлаштиришда қатнашиб розилик берган шахсларнинг нотариус, Қонуннинг 26-моддасида санаб ўтилган мансабдор шахслар ёки Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаларининг консуллари томонидан шаҳодатлантирилган розилик аризалари;
васийликдаги шахсга қарашли бўлган кўчмас мулк бир йилдан ортиқ бўлмаган муддатга гаровга берилганда, васийлик ва ҳомийлик органларининг розилиги;
гаров (ипотека) нарсаси ашёвий ҳуқуқ бўлган (хўжалик юритиш ҳуқуқи ва оператив бошқариш ҳуқуқи, мерос қилиб қолдириладиган ер участкасига умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи, ер участкасига доимий эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи, сервитутлар ва ҳоказо) ҳолатда мулкдорнинг розилиги, қонунда ва шартномада назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Гаров (ипотека) шартномасини тасдиқлашда давлат божи шартнома суммасидан, яъни гаровга (ипотекага) қўйилаётган нарсанинг баҳосидан олинади.

3. Савол: Васиятномани расмийлаштириш учун нотариус қандай ҳужжатларни талаб қилади?
Жавоб: “Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг (рўйхат рақами 3113, 2019 йил 4 январь)                               87-89, 91-бандларига кўра васиятнома матни васият қилувчи томонидан ёзилиб, нотариусга шахсан тақдим этилган ёки унинг сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олинган бўлиши лозим. Васиятномани тасдиқлаб беришда васият қилувчидан унинг васият қилинаётган мол-мулкка бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш талаб қилинмайди.
Васиятнома ёзилган жойи, санаси ва вақти кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда тузилиши лозим. Ёзма шаклдаги васиятнома васият қилувчининг ўз қўли билан имзоланиши, фамилияси, исми ва отасининг исми тўлиқ ёзилиши шарт.
Агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васиятномани ўз қўли билан имзолай олмаса, унинг илтимосига биноан нотариус ҳозир бўлганида васият қилувчи ўз қўли билан имзолай олмаганлигининг сабабларини кўрсатилган ҳолда, васиятномага бошқа шахс имзо қўйиши мумкин. Бундай ҳолатда, нотариус Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1128-моддасига асосан васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаган фуқарога мерос очилгунга қадар васиятноманинг мазмуни, унинг тузилиши, бекор қилиниши ёки ўзгартирилишига дахлдор маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмаслиги тушунтиради ва бу ҳақда васиятнома матнида қайд этади.
Шунингдек, васиятнома матнида васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган йили, шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва доимий прописка қилинган манзили ёзилади.  Васиятномани имзолаш жараёни мажбурий аудио ва видео қайд этилиши лозим. Васият қилувчининг илтимосига биноан васиятномани тасдиқлашда гувоҳлар иштирок этиши мумкин. Бундай ҳолда васиятноманинг ҳар икки нусхасига бу ҳақда ёзиб қўйилади.
Васият қилувчи исталган вақтда васиятномани ўзгартириш ва бекор қилиш ҳақида “Нотариат тўғрисида”ги Қонуннинг 16-моддасига мувофиқ хоҳлаган нотариал идорага мурожаат этиши мумкин. Бундай ҳолда нотариус васиятномага ўзгартириш киритилганлиги ёки уни бекор қилинганлиги тўғрисида тизимга маълумот киритади.
Саволларга  Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Д.Худойқулов жавоб берди.