Янгиликлар
23
Сўранг жавоб берамиз
Сўранг жавоб берамиз
1. Савол: Қандан қилиб масофадан туриб ишласам бўлади?
Жавоб: “Карантинга оид чоралар амал қилиш даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисида”ги Низомга (рўйхат рақами 3228, 28.03.2020 й) асосан карантин даврида иш берувчилар ходимларни розилиги билан уларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш жадвалида ёки уйда ишлашга ўтказишлари мумкин.
2. Савол: Аёлнинг келин бўлиб тушган уйида турмуш ўртоғи вафот этгандан сўнг яшаш ҳуқуқи борми?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 32-моддасига асосан уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар. Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар, оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади.
3. Савол: Алимент тўлаши шарт бўлган шахс чет давлатга кетаётганида алимент тўлаш тартиби қандай?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 145-моддасига асосан алимент тўлаши шарт бўлган шахс доимий яшаш учун ёки уч ойдан ортиқ муддатга чет давлатга кетаётганида қонунга мувофиқ ўзи таъминот бериши лозим бўлган алимент олувчилар билан ушбу Кодекснинг
130-134-моддаларига асосан алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиши шарт.
Алимент тўлаш тўғрисида келишувга эришилмаган тақдирда манфаатдор шахс алимент миқдорининг пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши ва алиментни бир йўла тўлаш тўғрисида ёки алимент эвазига муайян мол-мулкни бериш ёхуд алиментни бошқа усулда тўлаш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли.
Вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар олдиндан тўланган ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузилган бўлса, шахс алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиш мажбуриятидан озод этилади.
Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Саволларга Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Э.Исмоилов жавоб берди.