Янгиликлар
Сўраган эдингиз
1. Савол. Қандай ҳолларда иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилади?
Жавоб: Меҳнат кодексининг 150-моддасига асосан ходимнинг аризасига кўра унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши мумкин, унинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади, лекин у ўн икки ойлик давр мобайнида жами уч ойдан ортиқ бўлмаслиги керак.
2. Савол: Иш берувчининг асосий ҳуқуқлари нималардан иборат?
Жавоб: Меҳнат кодекснинг 17-моддасига кўра, иш берувчи корхонани бошқариш ва ўз ваколатлари доирасида мустақил қарорлар қабул қилиш; қонун ҳужжатларига мувофиқ якка тартибдаги меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш; меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган ишни лозим даражада бажаришни ходимдан талаб қилиш; ўз манфаатларини ҳимоялаш учун бошқа иш берувчилар билан бирга жамоат бирлашмалари тузиш ва бундай бирлашмаларга аъзо бўлиш ҳуқуқига эгадир.
3. Савол: Жамоа шартномалари ва жамоа келишувларининг фарқи нимада?
Жавоб: Меҳнат кодекснинг 29-моддасида жамоа шартномаси – корхонада иш берувчи билан ходимлар ўртасидаги меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ва касбга оид муносабатларни тартибга солувчи норматив ҳужжатдир.
Жамоа келишуви – муайян касб, тармоқ, ҳудуд ходимлари учун меҳнат шартлари, иш билан таъминлаш ва ижтимоий кафолатлар белгилаш борасидаги мажбуриятларни ўз ичига олувчи норматив ҳужжатдир.
Жамоа шартномалари ва келишувлари ходимлар билан иш берувчиларнинг меҳнатга оид муносабатларини шартнома асосида тартибга солишга ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини мувофиқлаштиришга ёрдам бериш мақсадида тузилади.
4. Савол: Ишга киришда кимларга нисбатан дастлабки синов муддати қўлланилмайди?
Жавоб: Меҳнат кодексининг 84-моддасига кўра, ҳомиладор аёллар, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар, корхона учун белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган шахслар, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ҳамда олий ўқув юртларининг тегишли таълим муассасасини тамомлаган кундан эътиборан уч йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчилари ишга қабул қилинганда, шунингдек ходимлар билан олти ойгача муддатга меҳнат шартномаси тузилиб, ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайди.
5. Савол: Қандай ҳолларда ижодий таътил олиш мумкин?
Жавоб: Меҳнат кодексининг 258-моддасида ишлаб чиқариш ёки педагогик фаолиятни илмий иш билан бирга қўшиб олиб бораётган шахсларга докторлик диссертациясини якунлаш, шунингдек дарсликлар ва ўқув-услубий қўлланмалар ёзиш учун асосий иш жойида ўртача ойлик иш ҳақи ва лавозими сақланган ҳолда ижодий таътиллар берилади.
Саволларга Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси Инсон ҳуқуқларини ҳимоя
қилиш бўлими бошлиғи
Э.Исмоилов жавоб берди.