Янгиликлар
ҲУҚУҚИЙ ТАЪЛИМ ВА ТАРБИЯ УЗВИЙ БЎЛМОҒИ ЛОЗИМ
Бугунги кунда аҳоли ўртасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият иборалари кўп қўлланилмоқда.
Тўғрисини айтиш керак, одамлар орасида ҳуқуқий маданият, ҳуқуқий саводхонлик ҳақида гап кетганда кўпчилик буни фақат қонунларни билиш ёки улардан хабардор бўлиш сифатида тушунади. Аслида ҳуқуқий маданият кенг тушунча бўлиб, давлат ва жамият ривожланишини белгилайдиган муҳим омиллардан бири ҳисобланади.
Ҳуқуқий маданияти юксак инсон қонунларга итоаткор бўлади, ҳамиша унга бўйсунади ва қонунларга нисбатан ҳурмат билан қарайди. Бундай инсонлар қонунларда белгиланган қоидаларга зид ҳатти-ҳаракатларни қилмасликка ҳаракат қилади, аксинча, бошқалардан хам шуни талаб қилади, улар қонунларнинг аҳамиятини англай олади. Ҳуқуқий маданият инсонларни ижтимоий-сиёсий фаолликка ундайди, бундай фуқаро жамиятда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга онгли муносабатда бўлиб, ислоҳотларга дахлдорлигини сезиб, давлат ва жамият олдидаги фуқаролик масъулиятини ҳис қилиб яшайди.
Аммо ҳуқуқий маданият, ҳуқуқий билим ва саводхонлик асоси бўлган ҳуқуқий онг ўз-ўзидан пайдо бўлмайди.
Аслида ҳуқуқий онг одамларнинг амалдаги ҳуқуқ ва бошқа ҳуқуқий ҳодисаларга муносабатларини ифодаловчи қарашлари, ғоялари, тасаввурлари, ҳис-туйғулари йиғиндиси сифатида намоён бўлади. Демак ҳар бир инсонга ҳуқуқни англаши даражасида ҳуқуқий маданияти юксак, ҳуқуқий саводхонликка эга инсон деб таъриф беришимиз мумкин.
Шунинг учун ҳам ҳуқуқни англатишни инсоннинг болалик давриданоқ бошлаш лозим. “Қуш уясида кўрганини қилади” деганларидек, илк ҳуқуқий билим ва тушунчалар болага энг аввало оилада, оила даврасида сингдирилиб бориши лозим.
Илк аҳлоқий – ҳуқуқий тушунчаларни сингдирмоқчи бўлган ота-оналарнинг ўзларида ҳам ҳуқуқий онг шаклланган бўлиши керак, улар ҳам ижтимоий сиёсий жиҳатдан фаол бўлишлари лозим (Болага нима яхши, нима ёмон, эзгулик - ёвузлик, тартиб-интизом, қўни-қўшничилик, меҳр-оқибат, ватанпарварлик, табиатни асраш, ватанни ҳимоя қилиш ва бошқа тушунчаларини етказиб бера олиши керак. Бу ҳам ўз-ўзидан булмайди).
Бунинг учун ота-оналарда болага ҳуқуқий билимларни беришда қўлланмалар мавжудми, кейинги босқичда мактабгача таълим муассасалари томонидан олиб борилаётган ҳуқуқий сабоқлар етарлича самаралими, мактабларда ўқитилаётган ҳуқуқ фани дарслари мутахассислар томонидан олиб борилаяптими, меҳнат жамоаларида фаолият олиб бораётган ходимларнинг ўзлари янги қабул қилинаётган қонун хужжатларидан хабардорми деган кўплаб саволлар ечими сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-5618-сон Фармони қабул қилинди.
Ушбу Фармон билан Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси тасдиқланиб, унда бир қатор муҳим аҳамиятга эга бўлган йўналишлар белгиланди, асосийси ҳуқуқий таълим ва тарбия борасидаги ишлар тизимли ва узвий олиб борилишига аҳамият қаратилди.
Фармонда Адлия вазирлиги билан Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлигига ҳам бир қатор вазифалар юклатилди. Буларнинг ижроси юзасидан ҳамкорликда тасдиқланган дастур ва режаларга асосан кенг кўламли ишлар амалга оширилиб келаётганлигига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Бугунги кунда Қарши туман адлия бўлими томонидан ҳам мактабгача таълим муассасалари билан биргаликда турли тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. 1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни, Мустақиллик ва Конституция куни муносабати билан ташкил этилаётган тадбирларда адлия бўлими ходимлари иштирок этишиб, болакайларнинг билим олишга, одобли бўлишга иштиёқини ошириш мақсадида, китобга мехрини уйғотиш мақсадида “Энг одобли болакай” номинациясида китоблар билан тақдирлаб келишмоқда.
Шунингдек, тумандаги 4 та МТМ да болаларнинг ҳуқуқий тушунчаларини бойитиш мақсадида болаларга хос бўлган “Конституция ва бола ҳуқуқлари” бурчаги ташкил қилинди. Барча тадбирлар доирасида болалар билан ҳуқуқий тушунчалар юзасидан суҳбатлар олиб борилмоқда.
Албатта олиб борилаётган бу каби ҳамкорликдаги ишлар Концепцияда назарда тутилган вазифаларнинг бир қисми холос.
Рисолат Абдуллаева
Қарши туман Адлия бўлими бошлиғи