Янгиликлар
Биз биргамиз: аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлашга қаратилган хайрли тадбир давом этмоқда...
Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида Адлия вазирлиги ва унинг тизимидаги идоралар томонидан аҳолининг заиф қатламларига ижтимоий ва иқтисодий кўмак беришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш мақсадида инсонларнинг ҳаракатланишига айрим чекловлар киритилганлиги натижасида кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бор шахсларни зарурий маҳсулотлар билан таъминлаш эҳтиёжи ортмоқда.
Адлия вазирлиги ва Шодиев халқаро фонди мавжуд вазиятдан келиб чиқиб хайрли тадбирга ўзининг ҳиссасини қўшишга ва дастлабки босқичда аҳолининг кам таъминланган қатламига моддий кўмак беришга тайёрлигини маълум қилди.
Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси томонидан 100 дона 13 турдаги бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари ва тиббиёт воситаларини ўз ичига олган ижтимоий ёрдам тўпламлари кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бор шахсларга тарқатилиши учун вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси қошида ташкил этилган “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази”га топширилди.
Марказга топширилган ижтимоий ёрдам тўпламлари мутахассислар томонидан белгиланган тартибда-санитария гигиена талаблари асосида қабул қилиниб, тегишли масъуллар кўмагида санитар ишловдан ўтган махсус транспорт воситаларида эҳтиёжманд оилаларга етказилади.