Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

20

Биометрик паспорт ўрнига идентификация ID-картаси берилади


   Фуқароларни рақамли идентификациялашнинг ягона тизимини жорий этиш мақсадида 2021 йил 1 январдан бошлаб янги туғилган болага, Ўзбекистон Республикаси фуқаросига, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахсга ва хорижий фуқарога белгиланган намунадаги идентификация ID-картаси берилади.

ID-картанинг жорий этилиши иқтисодиётнинг турли тармоқларида инновацион технологияларни кенг жорий этиш, аҳолини ижтимоий таъминлаш ва муҳофаза қилиш, турли давлат ҳисобига олиш тизимлари ўртасида ахборот ҳамкорлиги учун жисмоний шахслар тўғрисидаги бирламчи маълумотлардан самарали фойдаланишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш тизимини яратиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси биометрик паспорт тизимини модернизация қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2018 йил 26 декабрдаги ПҚ-4079-сон қарорида республиканинг мавжуд биометрик паспорт тизими инфратузилмаси негизида Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти ўрнига 2021 йилдан бошлаб идентификация ID-карталарини расмийлаштириш ва бериш тизимини жорий этилиши назарда тутилган эди.

   Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2020 йил 6 март куни “Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарини расмийлаштириш ва бериш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 129-сон қарори қабул қилинди.
Хўш, бундай тартиб ўрнатилишининг аҳамияти нимада? ID-карта, яъни идентификация электрон картаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эгасининг шахсини ҳамда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тасдиқлайдиган, ҳар бир фуқаронинг ягона идентификация рақами ва унинг шахсий маълумотлари сақланган, давлат хизматларидан фойдаланиш вақтида шахсни аниқлаш учун фойдаланиладиган ҳужжатдир. ID-карта биометрик паспорт ўрнига 10 йил муддатга берилиб, фақат Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амал қилади. Чет элга чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси фуқаросига чет элга чиқиш учун биометрик паспорти берилади.

         ID-карталарни бериш тизимли равишда 2021 йил 1 январдан 2030 йил
1 январгача мамлакат аҳолиси учун қўшимча юкламасиз амалга оширилади. Шу билан бирга, 2011 йилдаги Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг илгари берилган биометрик паспортларини, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва чет эл фуқароларининг яшаш учун рухсатномаларини алмаштириш уларнинг эгаларининг илтимосига биноан муддати тугагандан ёки муддатидан олдин амалга оширилади.
2030 йил 1 январдан бошлаб 2011 йилдаги Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспортлари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

   ID-карта расмийлаштирилганлиги ва берилганлиги учун давлат божи миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 89 фоизини, яъни 198 470 сўмни ташкил этади.
Ўзбекистон фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти, фуқаролиги бўлмаган шахс ва хорижий фуқаронинг яшаш гувоҳномаси уларнинг амал қилиш муддати тамом бўлгунга қадар ҳақиқийдир.
Биометрик паспортни ID-картага алмаштириш 2021 йил 1 январдан 2022 йил 31 декабргача ихтиёрийлик асосида, 2023 йил 1 январдан 2030 йил 31 декабргача мажбурий тартибда амалга оширилади.
Халқаро тажрибага кўра, ҳозир кўплаб ривожланган давлатларда электрон ID-карталар паспортнинг ўрнини босувчи ҳуқуқий ҳужжат шаклида жорий этилган. Унда шахснинг идентификацион маълумотлари хавфсиз ҳолда сақланади. Шунингдек, қоғоз тежалади, барча маълумотлар электрон тизимга ўтиши муносабати билан оддий паспортдан фарқли ўлароқ қалбакилаштириш имкони мавжуд эмас. Давлат ва банк хизматларини кўрсатишда ортиқча қоғозбозликни камайтириш имконияти пайдо бўлади.

    ID-карталарни бериш тизимига ўтиш ривожланган хорижий давлатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилмоқда ва фуқароларни рақамли идентификация қилиш тизимини жорий этишни жадаллаштиради. фуқароларнинг бирламчи маълумотларини Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идораларининг ахборот тизимларига интеграциялаш жараёнини автоматлаштиради, аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш жараёнини осонлаштиради ва оптималлаштиради.

Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими
етакчи маслаҳатчиси
Бобоева Венера