Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

19

ҲАР ҚАНДАЙ ЗЎРАВОНЛИККА МУНОСИБ КАФОЛАТ


Бугунги кунда давлатимиз томонидан хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳар қандай шаклдаги тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилиниши алоҳида назоратга олинган.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга давлат ҳимоясини тақдим этиш тартиби, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёки бир гуруҳ шахсларга нисбатан белгиланган таъсир кўрсатиш чоралари қўлланишига сабаб бўладиган ҳужжат сифатида “Ҳимоя ордери”ни бериш тизими 2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунда белгилаб қўйилди.

Тазйиқ ва зўравонликнинг ҳам бир қанча кўринишлари мавжуд бўлиб, мазкур Қонунда уларга қуйидагича таъриф берилган: 

жинсий зўравонлик — хотин-қизларга нисбатан уларнинг розилигисиз шаҳвоний хусусиятга эга ҳаракатларни содир этиш орқали жинсий дахлсизликка ва жинсий эркинликка тажовуз қиладиган зўравонлик шакли, шунингдек зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан таҳдид қилиш ёхуд аёл жинсидаги вояга етмаган шахсларга нисбатан ахлоқсиз ҳаракатлар содир этиш орқали учинчи шахс билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаш;

жисмоний зўравонлик — хотин-қизларга нисбатан оғирлиги турли даражада бўлган тан жароҳатлари етказиш, хавф остида қолдириш, ҳаёти хавф остида қолган шахсга ёрдам кўрсатмаслик, зўравонлик хусусиятига эга бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этиш, жисмоний таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказишнинг ўзга чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали хотин-қизларнинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги ҳамда қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ва эркинликларига тажовуз қиладиган зўравонлик шакли;

зўравонлик — хотин-қизларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказиш чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали уларнинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига тажовуз қиладиган ғайриҳуқуқий ҳаракат (ҳаракатсизлик);

иқтисодий зўравонлик — хотин-қизларга нисбатан турмушда, иш жойларида ва бошқа жойларда амалга оширилган зўравонлик шакли, хотин-қизларнинг нормал яшаш ва камол топиш учун озиқ-овқат, уй-жой ҳамда бошқа зарур шарт-шароитлар билан таъминланишга бўлган ҳуқуқини, мулк ҳуқуқини, таълим олиш ҳамда меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишни чеклашга олиб келадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик);

руҳий зўравонлик — хотин-қизларни ҳақоратлаш, уларга туҳмат қилиш, таҳдид қилиш, уларнинг шаънини, қадр-қимматини камситиш, шунингдек уларнинг хоҳиш-иродасини чеклашга қаратилган бошқа ҳаракатларда ифодаланадиган зўравонлик шакли, шу жумладан репродуктив соҳада назорат қилиш, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчида ўз хавфсизлиги учун хавотир уйғотган, ўзини ҳимоя қила олмасликка олиб келган ёки руҳий соғлиғига зарар етказган ҳаракат (ҳаракатсизлик); 

тазйиқ — содир этилганлиги учун маъмурий ёки жиноий жавобгарлик назарда тутилмаган, хотин-қизларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик), шилқимлик;

Аслида табиатнинг нозик хилқати саналмиш аёллар ҳуқуқларига халқаро миқёсда эътибор Иккинчи жаҳон урушининг сўнгги йилларда бошланган бўлиб, 1948 йил 10 декабрда БМТ томонидан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг қабул қилиниши ва унинг иккинчи моддасида Декларацияда баён қилинган ҳуқуқлар эркакларга ҳам аёлларга ҳам ҳеч қанақа чеклашларсиз бирдек тааалуқли эканлиги мустаҳкамлаб қўйилди. Шундан кейин БМТ томонидан Аёлларга нисбатан Дискриминацияни бартараф этиш декларацияси (1967 йил) ҳамда Аёлларга нисбатан дискриминациянинг барча шаклларни бартараф этиш ҳақидаги конвенциянинг қабул қилиниши ҳам аёллар ҳуқуқларига эътиборнинг жадаллашувига туртки бўлганлиги шубхасиз. 

1975 йил БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Халқаро аёллар йили деб эълон қилиниши, 1976-1985 йиллар Аёллар ўн йиллиги деб эълон қилиниши бутун дунёда аёлар ҳуқуқларининг принципиал масала сифатида қўйилишига асос бўлган. 1985 йилда Аёллар аҳволи юзасидан Найроби (Кения)да ўтказилган халқаро Конференцияда “гендер тенглик” тушунчаси янгича мазмун бағишлаган. 

1993 йилда Венада ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Халқаро конференция кун тартибига Аёлларнинг инсон сифатидаги ҳуқуқлари умуминсоний ҳақ-ҳуқуқларнинг ажралмас қисми эканлиги ҳақидаги масала қўйилган, 1993 йилда Аёлларга нисбатан зўравонликка қарши кураш тўғрисида Декларация қабул қилинган.
Халқаро миқёсида ва миллий қонунчилигимизда хотин қизлар ҳуқуқларига қанчалик эътибор қаратилган бўлишига қарамасдан, аёлларга нисбатан маиший зўравонлик, тажовузкорлик, руҳий зўравонлик, иш ҳақларидаги номутаносибликлар каби муаммолар ҳали ҳам учраб келмоқда. 

Шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда, “Ҳимоя ордери” деган тушунчанинг кириб келиши, унинг амалиётга жорий этилганлиги хотин –қизлар ҳуқуқлари таъминланишини янги босқичга олиб чиқади, албатта.
Бунинг учун нафақат хотин-қизларимиз орасида балки кенг жамоатчилик орасида “ҳимоя ордери” ва унинг қўлланилиши ҳақида тушунтириш ишларини олиб боришимиз лозим. Зеро, қанча кўп кишиларни биз хабардор қила олсак бу тўғрисида қайсидир маънода жамиятимизда хотин қизларимиз янада ҳимояланганлигини намоён эта оламиз. 

Қонунга кўра, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи аёл ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилгани ёки уларни содир этиш таҳдиди тўғрисида ариза билан тегишли ваколатли органлар ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, улар махсус марказларда, ишонч телефони орқали бепул ҳуқуқий маслаҳат олади. Ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш, ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилишга ҳақли.

Бундан ташқари Қонунда, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этганда давлат божи тўлашдан озод қилиниши кўрсатиб ўтилди. Қонунда ваколатли органларнинг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишдаги ваколат йўналишлари аниқ белгилаб берилди. 

Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2020 йилнинг 4 январ куни қабул қилинган “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомилаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарор билан Низом тасдиқланган бўлиб, ушбу Низом ички ишлар органлари томонидан тазйиқ ва (ёки) зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини, шунингдек тазйиқ ва зўравонлик содур этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларга ҳимоя ордерининг нусхасини бериш тартибини белгилайди. Низомга асосан, тазйиқ ва зўравонлик қурбонининг мурожаати;

жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари ва (ёки) ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган хабарлар;

тазйиқ ёки зўравонлик содир этиш ёхуд уларни содир этишга уриниш ҳолатларининг ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан бевосита аниқланиши;

давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан олинган материаллар Ҳимоя ордери қўллашга асос бўлади.
Ҳимоя ордери- тазйиқ ва зўравонлик факти ёки уларни содир этиш хавфи аниқланган пайтдан эътиборан 24 соат ичида ва 30 кун муддатга профилактика инспекторлари томонидан берилади. 

Ҳимоя ордери амал қилиши даврида хавф бартараф этилмаган бўлса, ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати жабрланувчининг аризасига кўра кўпи билан ўттиз кунгача узайтирилиши мумкин.

Умуман олганда, қабул қилинган ушбу қонун ҳамда давлатимиз томонидан амалга оширилаётган бу каби тадбирлар жамиятда, турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ҳамда бошқа жойларда хотин-қизларга бўлган ҳурматни ошириш, тазйиқ ва зўравонлик ҳолларининг олдини олишга, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.


Р.Абдуллаева
Қарши туман
Адлия бўлими бошлиғи