Янгиликлар
09
Ходимларнинг меҳнатга доир бузилган ҳуқуқлари тикланмоқда
Адлия вазирлиги томонидан жорий йилнинг февраль ойида ходимларнинг ойлик иш ҳақини ўз вақтида ва/ёки тўлиқ берилмаётганлиги, иш ҳақидан ноқонуний ушлаб қолинаётганлиги бўйича онлайн мурожаатларни қабул қилиш ҳамда ҳал этиш бўйича акция эълон қилинган.
Шу муносабат билан, Қашқадарё вилоят адлия бошқармасига акция доирасида жами 135 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларнинг 52 таси қаноатлантирилган, 34 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган, 4 таси кўрмасдан қолдирилган, 3 таси тааллуқлилиги бўйича юборилган. Қолган
42 та мурожаатлар ўрганиб чиқилмоқда.
Мазкур мурожаатларни кўриб чиқиш давомида жами 34 та таъсир чоралари қўлланган бўлиб, уларнинг 30 тасини огоҳномалар, 3 тасини тақдимномалар ва 1 та маъмурий таклиф ташкил этади.
Шунингдек, киритилган тақдимномалар натижасида фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиб, улар фойдасига жами 46 172 850 сўм пул маблағлари тўлатиб берилди.
Бундан ташқари, акция давомида Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси томонидан давлат ташкилот ва идоралари томонидан ходимларга ойлик иш ҳақларини ўз вақтида тўлаб берилиши бўйича мониторинг тадбирлари ҳам ташкил этилди.
Ўтказилган мониторинг тадбирлари давомида, Қашқадарё вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармасига бошқарма ва унинг тизимида фаолият юритиб келаётган ишчи ходимларга тўланмай келинаётган жами 1 544 088 300 сўм ойлик иш ҳақларини тўлаб бериш чораларини кўриш тўғрисида тақдимнома киритилди.
Шунингдек, Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майда қабул қилинган “Мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 391-сонли қарори ижроси юзасидан Қарши шаҳар ва Касби туманида жойлашган давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячилари ёрдамчиларининг, шунингдек, қўшма типдаги давлат мактабгача таълим ташкилотларидаги ўсишида жисмоний ёки руҳий нуқсонлар бўлган болаларга мўлжалланган гуруҳларда ишлайдиган тарбиячилар, педагог ходимлар ва тиббиёт ходимлари ёрдамчиларининг лавозим маошлари ва базавий тариф ставкаларига 100 фоиз миқдорида қўшимча ҳақ тўланиши ҳолати юзасидан мониторинг ўтказилди.
Мониторинг натижасида, Қарши шаҳар ва Касби туманида жойлашган давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячилари ёрдамчиларнинг лавозим маошлари ҳамда базавий тариф ставкаларига 100 фоиз миқдорида қўшимча ҳақ 01.09.2019 йилдан бошлаб тўлиқ тўланмасдан келинаётганлиги аниқланиб, тўланмасдан қолган жами
18 550 208 сўм қўшимча устама пулларини тўлаб берилиши бўйича Қарши шаҳар ва Касби туман халқ таълими бўлимларига тақдимномалар киритилди.
Шу билан бирга, Шаҳрисабз шаҳар, “Файзобод” МФЙ, Қурувчилар кўчаси, 47-уйда яшовчи фуқаро Ж.Аминовнинг ойлик иш ҳақларини ундириб беришда амалий ёрдам беришни сўраб акция давомида қилган мурожаати Қашқадарё вилоя адлия бошқармасининг қонуний аралашуви билан ҳал этилиб, тўланмай қолган жами 4 335 238 сўм ойлик иш ҳақлари Қашқадарё вилоят “Сувоқова” ДУК томонидан тўлаб берилди.