Янгиликлар
Ўрганиш натижасида...
Қашқадарё вилоят адлия бошқармасининг 2020 йил I ва II чоракларга (I ярим йиллик) мўлжалланган иш режаси ижросини таъминлаш мақсадида Қашқадарё вилоят Транспорт бошқармаси фаолиятининг самарадорлиги, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда юридик хизмат соҳасидаги ишларни ташкил этишда қонун ҳужжатларига риоя этилиши аҳволи ўрганилди.
Ўрганиш давомида бошқарма томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 апрелдаги 336-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги тўғрисида”ги Низом бўйича ўзларига юклатилган айрим вазифа ва функцияларни амалга оширишда камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди.
Бундан ташқари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва аҳолининг транспорт ва йўл хўжалиги фаолиятига тегишли таклифларини кўриб чиқиш, уларни умумлаштирган ҳолда вазирлик марказий аппаратига тақдим этиш бўйича функцияси амалга оширилмаган.
Бошқарма томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс талабларига риоя этилмаган.
Расмийлаштирилган 500 дан ортиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар 1 суткадан кечиктириб судларга топширилган.
Бошқарма томонидан “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 июлдаги 636-сон қарори билан тасдиқланган “Автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш юзасидан давлат хизматлари кўрсатишнинг” Маъмурий Регламенти талаблари бузилишига йўл қўйилган.
Вилоят Транспорт бошқармаси ходимлари томонидан 2019 йил 13 ноябрдан бошлаб ўрганиш кунига қадар жами 74 та (2019 йилда 33 та, 2020 йилда 41 та) ҳолатда тадбиркорлик субъектларига тегишли автотранспорт воситаларида лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назорат тадбири ўтказилган бўлиб, ушбу назорат тадбирлари қонун талаби бўйича ваколатли орган билан келишилмаганлиги маълум бўлди.
Бошқарма ходимларида тадбиркорлик субъектларига текшириш ўтказиш ҳуқуқини берадиган махсус гувоҳномалари бўлмасада, лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан тегишли назорат тадбирларини амалга ошириб келаётганликлари маълум бўлди.
Бошқарма томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига риоя этилмаган.
Бошқарма томонидан Қонуннинг 35-моддасида белгиланган тартибда ҳар чоракда мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш натижаларига кўра маълумотномалар (шарҳлар) тузилмаган ва бунинг натижасида бошқармада қайси соҳада мурожаатлар ошганлигининг ёки камайганлиги, буни келтириб чиқарувчи сабабларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш мақсадида келгусида ушбу соҳада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар бўйича чора тадбирлар ишлаб чиқилмаган ва натижада веб-сайтда ҳам эълон қилинмаган.
Ўрганиш натижасига кўра, аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш, келгусида йўл қўйилишини олдини олиш мақсадида тақдимнома киритилди.