Янгиликлар
Халқаро рейтинг ва индексларда Республика ўрнини яхшилаш
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири томонидан қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига тушунтириш ҳамда уларнинг ижросини ташкил этиш билан боғлиқ вазифа ва тадбирларни “Ўзбекистон 24” телеканали орқали ёритиб бориш белгиланган.
Шунга кўра, вилоят адлия бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги ПФ-5687-сон “Халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилашга оид чора-тадбирларни тизимлаштириш тўғрисида”ги Фармони мазмунини аҳоли ва ижрочиларга етказиш юзасидан репортаж тайёрланди.
Касби туман адлия бўлими томонидан молия бўлимида ўтказилган тадбир, шунингдек адлия бўлими ходими томонидан берилган интервью давомида Фармонга мувофиқ иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш, бу борада мутасадди вазирлик ва идораларнинг фаолиятини самарали мувофиқлаштириш, халқаро майдонда мамлакатимиз мавқеини янада юксалтириш, хорижий рейтинг агентликлари билан ҳамкорликни тизимли равишда амалга ошириш, масъул давлат органлари раҳбарларига юклатилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишида уларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш мақсадида бир нечта чора-тадбирлар белгиланганлиги таъкидланди.
Хусусан, устувор халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашни мувофиқлаштириш бўйича комиссия ташкил этилганлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тузилмасига халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича масъул бўлган Ўзбекистон Республикаси молия вазири ўринбосари лавозими киритилганлиги ҳамда Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бошқармаси ташкил этилганлиги ва уларнинг вазифалари хусусида сўз юритилди.