Янгиликлар
Соҳада замонавий технологиялардан фойдаланилмоқда
Бугунги кунди тараққиётга эришиш учун рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллаш зарур ва шарт ҳисобланади. Зеро, бугун дунёда барча соҳаларга ахборот технологиялари чуқур кириб бормоқда.
Рақамли технологиялар нафақат маҳсулот ва хизматлар сифатини оширади, ортиқча харажатларни камайтиради. Давлат ва жамият бошқаруви, ижтимоий соҳада ҳам рақамли технологияларни кенг жорий этиб, натижадорликни ошириш, бир сўз билан айтганда, одамлар турмушини кескин яхшилаш мумкин.
Шу сабабдан юртимизда 2020 йилга “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб ном берилиши айни муддаодир.
Адлия соҳасида ҳам ишларни жадал давом эттириш ва янги, замонавий босқичга кўтариш мақсадида технологиялардан кенг фойдаланишга катта эътибор қаратмоқда.
Хусусан, Қашқадарё вилояти Нодавлат нотижорат ташкилотлар бўлими томонидан жорий йилда нодавлат нотижорат ва диний ташкилотларнинг йиллик ҳисоботларини электрон тарзда қабул қилиниши йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги ПФ-5430-сон “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони 5-бандида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўз фаолияти тўғрисидаги йиллик ҳисоботларини 2019 йил 1 январдан бошлаб электрон тарзда тақдим этилиши жорий қилиниши белгиланган.
Мазкур Фармон ижросини таъминлаш мақсадида вилоят адлия бошқармасига 749 та ННТлардан 675 таси, яъни 90.1 фоизи, шунингдек, 185 та диний ташкилотлардан 183 таси, яъни 98.9 фоизи якунланган йилдаги фаолиятлари юзасидан ҳисоботларини электрон шаклда тақдим этди.
Бўлим томонидан келгусида барча нодавлат нотижорат ҳамда диний ташкилотлардан электрон тарзда ҳисоботлар қабул қилинишини йўлга қўйиш режалаштирилди.
Бу билан ходимларнинг вақти ва маблағини тежалиши, иш унумдорлигини ошишига эришиш мақсад қилиб қўйилди.