Янгиликлар
Сайёр қабуллар давом этмоқда
Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси туман ва шаҳар адлия бўлимлари томонидан жорий йилнинг 8 февраль куни сайёр қалуллар ташкил этилди.
Хусусан, Муборак туман адлия бўлими “Геолог” МФЙда ташкил этилган сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ҳузуридаги тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси туман бўлими, давлат хизматлари маркази, электр корхонаси, Миллий банк ходимлари иштирок этди.
Қабул давомида фуқароларнинг мурожаатлари юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, шу билан бирга янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси, “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги қўшма қарорнинг мазмун-моҳияти ҳамда имтиёзли кредитлар олиш тартиблари тушунтирилди.
Қарши туман адлия бўлими ходимлари “Кат”, “Чоргумбаз” ва “Пахтазор” МФЙ аҳолиси учун туман хокимлиги томонидан ташкил этилган сайёр қабулда иштирок этди.
Косон тумани адлия бўлими томонидан “Пахтазор” МФЙда ташкил этилган сайёр қабулда 30 га яқин фуқаролар иштирок этди. Сайёр қабулда 7 нафар фуқаронинг мурожаатларига жойида ҳуқуқий тушунтириш берилди, 2 нафар фуқаронинг мурожаати туман адлия бўлими томонидан иш юритувига олинди.
Бундан ташқари, сайёр қабулда иштирок этган фуқароларга Ўзбекистон Республикасининг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонун ҳамда “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги Низомнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Шаҳрисабз шаҳар адлия бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош Вазирининг қабулхонаси ходимлари билан ҳамкорликда “Қозигузар” МФЙда ўтказилган сайёр қабул давомида 30 дан ортиқ фуқаролар иштирок этиб, 12 нафар фуқароларнинг ер тўғрисидаги, 4 нафар фуқароларнинг оила ва никоҳ юзасидан берилган саволларига тушунтиришлар берилди.
Иштирокчиларга янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмуни юзасидан маълумотлар берилди.