Янгиликлар
“Ишонч телефони”га келиб тушган мурожаатлар юзасидан
Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда интерактив усуллардан фойдаланишга, хусусан мурожаатчиларнинг вақти ва маблағини тежаш мақсадида Адлия вазирлигининг “ишонч телефони” (1008) орқали келиб тушган мурожаатларни қабул қилиш, ўрганиш ва қонуний муносабат билдиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бошқармага 2019 йил давомида жисмоний ва юридик шахслардан жами 1 318 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 343 таси “ишонч телефони” орқали келиб тушган мурожаатларни ташкил этади.
Мазкур мурожаатларнинг 343 та мурожаатнинг 302 таси ҳал этилиб, шундан 69 таси ёки 20 фоизи (кўриб чиқилган мурожаатларга нисбатан 22.8 фоиз) қаноатлантирилган, 227 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган, 6 таси рад этилган.
Хусусан, Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими томонидан Қамаши тумани, “Лойқасой” МФЙда яшовчи фуқаро Г.Холдарованинг Адлия вазирлиги “ишонч телефони”га фарзанди учун 02 ёшгача бола парвариши учун нафақа пули тўланмаганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати юзасидан Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қамаши тумани Кенгаши раиси номига 2019 йил 22 ноябрда қонун ҳужжатлари ижросининг бузилиши, унинг сабаблари ҳамда бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритилди.
Натижада, маҳалланинг масъул котибига нисбатан “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилиб, фуқаро Г.Холдаровага 1 621 840 сўм пул маблағлари тўлаб берилди.
Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўлими томонидан Косон тумани Янгиобод маҳалласи, Сарбон кўчаси 34-уйда яшовчи фуқаро Саидмуродов Қосим Муҳиддинович ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланиб келаётганлиги, Давлат экология қўмитасидан ваколатли шахслар томонидан асоссиз равишда энг кам ойлик иш хақининг 2 баравари миқдорида йиғим йиғаётганлиги юзасидан норози бўлиб ёзган мурожаати юзасидан ўрганиш ўтказилди.
Ўрганиш натижасида, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Косон туман инспекцияси ходимлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 11 октябрдаги 820-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида атроф табиий муҳит ифлослантирилганлиги ва чиқиндилар жойлаштирилганлиги учун компенсация тўловларини қўллаш тартиби тўғрисида” Низомга кўра, якка тартибдаги тадбиркор Саидмуродов Қосим Муҳиддинович компенсация тўловларининг субъекти ҳисобланмасада, унга ноқонуний равишда энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида яъни 223 000 сўм компенсация тўлаши лозимлиги ҳақидаги 120-сонли кўрсатма хати ҳамда компенсация тўловининг ҳисоб-китоб шакли тақдим этилганлиги аниқланди.
Бошқарма томонидан 2019 йил 28 сентябрда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Косон туман инспекциясига аниқланган ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик, уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритилиб, фуқаро Қ.Саидмуродовдан тўлов ундириш учун берилган 120-сонли кўрсатма хати ҳамда атроф табиий муҳит ифлослантирилганлиги ва чиқиндилар жойлаштирилганлиги учун атроф муҳитга таъсир кўрсатиш тоифасига тааллуқли фаолият турлари бўйича компенсация тўловининг ҳисоб-китоб шакли қайтариб олиниши таъминланди.