Янгиликлар
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш мақсадида...
Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси ва унинг тизимидаги туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан 2019 йил давомида фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилди.
Хусусан, фуқароларнинг иш ҳақларини, ўз вақтида ва белгиланган миқдорда тўланмаган компенсацияларни, шунингдек бошқа моддий ва маънавий зарарларни ундириш юзасидан тегишли судларга даъво аризалар киритиш орқали ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланмоқда.
Вилоят адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан 2019 йил давомида судларга 357 та 1 млд. 699 млн. 927 минг сўмлик даъво аризалари киритилган бўлиб, ўтган йилдан қолдиқ бўлиб ўтган 129 та 364 млн. 046 минг сўмлик даъво аризаси натижасига кўра 1 млд. 523 млн. 137 минг сўмлик 412 та даъво аризалари қаноатлантирилди.
Ўтган йил давомида жами 28 та 765 млн. 406 минг сўмлик моддий ва маънавий зарарларни ундириш бўйича даъво аризалари киритилган бўлиб, шундан 668 млн. 109 минг сўм моддий ва маънавий зарарлар ундирилишига эришилди.
Вилоят адлия бошқармаси томонидан Яккабоғ тумани Обод маҳалласи Биродарлик кўчаси 7-уйда яшовчи фуқаро Низамов Маҳмуднинг Яккабоғ туман ҳокимлиги томонидан савдо дўконлари бузилганлиги натижасида етказилган зарар ўрнига компенсация пуллари тўлаб берилмаганлиги юзасидан қилган мурожаатига асосан Фуқаролик ишлари бўйича Яккабоғ туманлараро судига даъво аризаси киритилди.
Мазкур ҳолат юзасидан суд томонидан чиқарилган ҳал қилув қарорига кўра фуқаро М.Низамовга туман ҳокимлиги ҳисобидан савдо дўконининг баҳоланган қиймати, жами 100 млн. 253 минг 082 сўм ундириш белгиланди.
Қарши шаҳар адлия бўлими томонидан вилоят “Иссиқлик манбаи” ДУКда ўтказилган сайёр қабулда ходим Бозоров Абдуғанининг корхона томонидан апрель, май, июнь ойлари учун ҳисобланган ойлик иш ҳақи тўлаб берилмаганлиги ҳақидаги мурожаати юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича Қарши шаҳар судига ариза киритилди.
Суд томонидан ариза тўлиқ қаноатлантирилиб, фуқаро А.Бозоров фойдасига вилоят “Иссиқлик манбаи” ДУКдан 9 млн. 083 минг 347 сўм миқдорида қарздорлик ундириш бўйича суд буйруғи чиқарилди.