Янгиликлар
Мурожаатлар юзасидан ўқув-семинари ташкил этилди
Қашқадарё вилоят адлия бошқармасида вилоят ҳокимининг топшириғига асосан Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни мазмун-моҳияти ва мурожаатларни кўриб чиқишдаги муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан ўқув семинари ташкил этилди.
Мазкур семинарда вилоят ва туман ҳокимликлари ҳамда вилоят ва туман Халқ қабулхоналари, вилоятдаги идора ва ташкилотларнинг мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходимлари ҳамда юридик хизмат ходимлари иштирок этди.
Семинар давомида давлатимиз томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқилишига нисбатан берилаётган эътиборнинг кундан-кун ортиб бораётганлиги, барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, мулкчилик шаклларидан ва идоравий бўйсунувидан қатъий назар хўжалик юритувчи субъектларга юксак масъулият юклатилаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Бу борада қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг асосий мақсадларидан бири аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга қаратилганлиги ҳақида сўз юритилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 майдаги 341-сонли қарори билан тасдиқланган Намунавий Низом талаблари тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилди.
Тадбир давомида вилоят миқёсида 2018 ва 2019 йиллар давомида келиб тушган мурожаатларнинг натижаси, кўриб чиқилиши механизмининг умумий аҳволи қиёсий таҳлил қилиниб, мурожаатларни кўриб чиқишда юзага келаётган муаммолар кўтарилди.
Тадбир иштирокчилари томонидан семинарда кўтарилаётган мавзу юзасидан, хусусан мурожаатларни кўриб чиқилишидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича ўзаро фикр алмашилди, иштирокчилар томонидан бир нечта таклифлар берилди.
Тадбир сўнгида ҳар бир туман ва шаҳарларда худди шундай ўқув-семинарлари ташкил этилиб, мурожаатларнинг кўриб чиқилиши самарадорлигини ошириш чоралари кўрилиши юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Ўқув машғулоти сўнгида иштирокчилар томонидан берилган саволларга мутахассислар томонида батафсил жавоблар берилди.
Тадбир тафсилотлари вилоят телевидениеси орқали тасвирга олинди.