Янгиликлар
Очиқ дарслар ташкил этилди
Қашқадарё вилоят адлия бошқармасининг 2020 йил I ва II чоракларга (I ярим йилликка) мўлжалланган иш режасининг 26 бандига асосан жорий йилнинг январ ойида Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганиш дастури асосида турли кўргазмали воситалар ёрдамида, мутахассисларни кенг жалб қилган ҳолда фуқаролар ўртасида Конституциянинг мазмун-моҳияти, унинг ўрни ва аҳамияти бўйича тарғибот ишларини олиб бориш белгиланган.
Шунга кўра, вилоят адлия бошқармасининг ташаббуси билан вилоят юридик коллежида “Конституциявий ҳуқуқ” фанидан “Диний ташкилотларнинг ҳуқуқий мақоми” мавзусида очиқ дарс ташкил этилди.
Дарс жараёнлари вилоят адлия бошқармаси ходими ва вилоят Юридик коллежи ўқитувчилари томонидан кузатиб борилди.
Дарслар ўтилиши давомида ўқувчиларга иннавацион усуллардан фойдаланган ҳолда билим бериш, уларни мавзу доирасида эркин фикрлашга ўргатиш, тасаввур ва тафаккурларини ривожлантиришга катта эътибор қаратилди.
Машғулотлар давомида дин, виждон эркинлиги, диний ташкилотлар, уларнинг рўйхатдан ўтказилиши, фаолияти хусусида тушунчалар берилди. Конституциянинг диний муносабатларни тартибга солувчи нормалари мазмуни юзасидан батафсил тўхталиб ўтилди.
Ўқувчилар дарс давомида ўзлари томонидан тайёрлаб келинган кўргазмали қуролларни бошқа ўқувчилар билан ўртоқлашдилар. Дарслар эркин, савол-жавоб ва мунозараларга бой тарзда ўтди.
Тадбир жараёнлари вилоят телевидениеси томонидан тасвирга олинди.