Янгиликлар
Ҳамкор ташкилот ходимлари тақдирланди
Қашқадарё вилояти туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан 2019 йил давомида фаолиятини амалга оширишда яқиндан ёрдам берган, энг кўп ҳамкорлик қилган идора ва ташкилотларнинг ходимлари тақдирланмоқда.
Ўтган йил давомида туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан вилоятдаги барча маҳаллаларни қамраб олган ҳолда ўтказилган сайёр қабуллар, ҳар ойнинг иккинчи шанбасида ўтказиладиган “Ҳуқуқий билимлар куни” лойиҳаси юзасидан ва бошқа тарғибот тадбирларда асосан аҳоли билан ишлайдиган ташкилот вакиллари билан ҳамкорликда фаолият олиб боришга катта эътибор қаратилди.
Мазкур тадбирларда фаол иштирок этган, хусусан, туман ёки шаҳар давлат хизматлари марказлари, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорларни мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси, молия, халқ таълими, соғлиқни сақлаш ва ФХДЁ бўлимларининг ходимларига адлия бўлимлари томонидан ташаккурнома эълон қилинди.
Ўтказилган сайёр қабулларда бошқа ташкилотларнинг жалб этилиши фуқароларнинг кўп соҳага оид саволларига жавоб берилиши, муаммоларига ечим топилиши ёки ҳуқуқий маслаҳатлар берилишига олиб келади. Шунингдек, ўтказилаётган тарғибот тадбирларида ҳам ҳар бир ташкилот аҳолига ўз соҳасига оид қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини ва унинг ижроси юзасидан маълумотларни бериб бориши юқори самара бериши табиий.
Жорий йил давомида ҳам худди шундай ҳамкорликни янада кучайтириш, биргаликда фаолият олиб бориш режалаштирилган. Бу эса ўз навбатида, адлия ходимларининг бошқа соҳаларга оид билим ва кўникмаларини ошишида ҳам муҳим аҳамият касб этади.