Янгиликлар
Қарши туман адлия бўлими томонидан 2019 йил давомида амалга оширилган ишлар
Сўнги йилларда адлия органлари ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли жамият қурилишида адлия фаолияти юзасидан олиб борилаётган ислоҳотлар, яратилаётган шарт-шароитлар ва амалга оширилаётган ўзгаришлар ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда муҳим ўрин тутмоқда.
Бу борада Қарши тумани адлия бўлими томонидан ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини сифатли ташкил қилиш, изчил ва бир хил ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш, шунингдек, аҳолининиг ҳуқуқий маданиятини оширишда қатор саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш, уларнинг юридик хизматларини мувофиқлаштириш, ҳуқуқий ахборотни тарқатиш, шунингдек, давлат хизматлари кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида ҳам сезиларли ишлар амалга оширилмоқда.
Туман адлия бўлими 2018 йил 13 апрелда муҳтарам Президентимизнинг ПФ-5415-сон Фармонига асосан бошқарма, туман (шаҳар) адлия бўлимлари ва давлат нотариал идоралар фаолиятини бугунги кун талабларига мос равишда ташкил қилиш, “Одилона қонунларни қабул қилиш, жамиятда қонунга ҳурмат руҳини қарор топтириш – демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир” деган концептуал ғояни ҳаётга тадбиқ этишга қаратилган ягона ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда белгиланган вазифаларни сидқидилдан амалга оширмоқда.
Фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва бу бўйича тегишли чораларни кўриш, натижада фуқароларнинг адлия органларидан рози бўлишларини таъминлаш бўлимнинг бугунги кундаги асосий вазифасидан бири этиб белгиланган.
Бўлим томонидан фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш юзасидан 2019 йил давомида жисмоний ва юридик шахслар томонидан келиб тушган жами 211 та мурожаатлар ўрганиб чиқилди. Улардан 176 таси қаноатлантирилди, 34 та мурожаатлар юзасидан муаллифларга батафсил тушунтиришлар берилди.
Адлия органларининг асосий вазифаларидан бири бўлган туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари ва халқ депутатлари Кенгашларининг қарорларини қонун ҳужжатларига, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш юзасидан адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий тусдаги 5 та қарор лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди.
Бўлим томонидан ўз фаолияти давомида ўтказилган ўрганишлар, текширишлар ва мониторинглар натижасида амалиётда мавжуд муаммоли ҳолатларни бартараф этиш юзасидан 48 та қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.
Бундан ташқари, бўлим томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинган қарорларнинг қонунчиликка мувофиқлиги ўрганиб борилмоқда.
2019 йил давомида ўтказилган ўрганишлар ва мониторинглар натижасида бўлим томонидан Қарши туман ҳокимлигига жами 15 та тақдимномалар чиқарилиб ўрганиш натижасида 3 та қарор, 1 та фармойиш бекор қилинди, 1 та фармойиш ва 77 та қарорларни тегишли бандлари қонунга мувофиқлаштирилди.
Хусусан, туман ҳокими томонидан 2018 йил 15 октябрдаги “Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни 2019 йилда ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва заҳирага қўйиш тўғрисида”ги Х-2623/10-сонли Қарори экспертизадан ўтказилмасдан қабул қилинганлиги сабабли тақдимнома киритилиб, қарор бекор қилинди ва қонунларга мувофиқ равишда қарор қабул қилиниши таъминланди.
Шунингдек, Қарши туман ҳокимининг 2019 йил 8 апрелда 62-Ф-сонли фармойиши қабул қилинган бўлиб, мазкур фармойишнинг 5-бандида “Тумандаги аҳоли турар жойларида жойлашган ҳамда тунги ишлашга рухсат этилмаган мулкчилик шаклидан қатъий назар спиртли ичимликлар чакана савдоси билан шуғулланувчи дўконлар, ресторан, тўйхона, кафе-бар, тунги клуб ва кўнгил очар (дискотекалар, дискоклублар) жойларда соат 21.00 дан спиртли ичимликлар сотишлари ман этилсин ҳамда мижозлар билан ишлаш вақти ёз ойларида соат 23.00 гача, қиш ойларида соат 22.00 га қадар белгилансин” деб барча учун бажарилиши мажбурий бўлган нормалар киритилган бўлиб, мазкур фармойиш норматив тусга эга бўлсада, қарор шаклида қабул қилинмасдан ҳамда қарор лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун вилоят адлия бошқармаси ёки туман адлия бўлимига тақдим этмасдан ижрога қаратилганлиги аниқланди ва бекор қилинди.
Шу билан бирга, бўлим томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарор ва фармойишларини доимий равишда ўрганиб бориш амалиёти давом этмоқда.
Ҳисобот даврида Қарши туман адлия бўлими томонидан 59 та ташкилотларда ҳуқуқни қўллаш амалиёти юзасидан таҳлил ва ўрганишлар ўтказилиб, 16428 дан ортиқ қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган ва аниқланган қонун бузилиши ҳолати бўйича жами 91 та тақдимнома киритилган.
Киритилган тақдимномаларнинг кўриб чиқилиши натижаларига кўра 66 нафар шахслар интизомий жавобгарликка тортилган, 28 нафар шахслар маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, жавобгарликка тортилган ҳамда 305 та юридик шахсларга қонун бузилишига йўл қўймаслик хусусида огоҳлантирилган.
Бўлими томонидан ўтказилган мониторинглар натижасида тумандаги касб-ҳунар коллежлари томонидан Меҳнат Кодекси талабларига риоя этилиши ўрганилиб, меҳнат шартномаси бекор қилинган ўқитувчиларга жами 454 876 000 сўмлик компенсация, ишсизлик нафақалари, фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун компенсация тўловлари ва ҳамда ишдан бўшатиш нафақалари тўлаб берилиши таъминланди.
Шунингдек, Қарши тумани халқ таълими бўлимида “Уйда ижтимоий ёрдам хизмати ходимлари ҳамда ногирон болаларни уйида ўқитганлик учун умумтаълим мактабларининг ўқитувчиларига йўл ҳақи компенсация тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига риоя этилиш аҳволи талабларига риоя этиш аҳволи ўрганилиб, жами 4 404 168 сўм миқдорида ойлик йўл компенсациялари ўқитувчиларга тўлаб берилди.
Бўлимга келиб тушган мурожаатлар асосида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш юзасидан судларга 48 та аризалар киритилиб, уларнинг барчаси қаноатлантирилди.
Фуқаролар билан жойларда олиб борилган манзилли мулоқотлар давомида оддий кундалик масалалардек, аҳамиятсиз туюлган, аммо фуқаронинг ҳуқуқлари бузилишига, чекланишига олиб келадиган масалалар ҳам аниқланмоқда.
Мисол учун, сайёр қабул жараёнида “Манғит” МФЙ ҳудудида Т.Базаровлар оиласида онанинг республикамиз ҳудудидан чиқиб кетганлиги оқибатида 16 ёшдан ошган 2 нафар боланинг туғилганлиги ўз вақтида қайд этилмаганлиги, уларнинг бир нафари ногирон эканлиги аниқланиб, уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, суд тартибида ушбу масала ҳал этилди. Бунинг оқибатида уларнинг қонуний манфаатлари тикланиб, ногиронлик нафақалари тайинланиши ҳам адлия бўлими томонидан назоратга олинди.
Бўлим томонидан “республика – вилоят – туман – маҳалла” принципи бўйича ҳуқуқий тарғибот ва аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигига барҳам бериш юзасидан ҳам ўтган йил давомида қатор ишлар амалга оширилди.
Хусусан, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш мақсадида жами 902 та ҳуқуқий тарғибот тадбирлари амалга оширилган бўлиб, шундан 139 таси оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар,
703 таси оғзаки, 60 та ёзма ва кўргазмали ҳуқуқий тарғибот тадбирларидан иборатдир.
Ўтказилган тарғибот тадбирлари давомида 9 859 дан ортиқ фуқаролар қамраб олинган.
Бундан ташқари, адлия вазирлиги томонидан келиб тушаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар “Е-ХАТ” электрон ҳамкорлик тизими ва реестрлар орқали тумандаги барча давлат органлари ва ташкилотларига етказилмоқда.
Бўлим томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 461-сонли қарорига асосан ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини белгиланган муддатда якунига етказиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Биринчи навбатда, ушбу акция ҳақида аҳолини хабардор қилиш мақсадида кенг қамровли тарғибот ташвиқот ишлари амалга оширилди.
Шунингдек, ушбу акция доирасида ишларни ўз вақтида бажармаётган туман комиссининг 16 нафар аъзоларига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилиб, кўриб чиқиш учун давлат хизматлари марказининг вилоят бошқармасига топширилган бўлса, аниқланган ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида
26 та тақдимнома ва огоҳномалар киритилиши таъминланди.
Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва услубий таъминлаш юзасидан бўлим томонидан тумандан фаолият юритаётган 8 нафар юридик хизмат ходимларининг фаолияти мувофиқлаштириб борилмоқда.
“Юридик хизмат ходимининг иш жойини моддий-техника жиҳатидан жиҳозлашга доир минимал талаблар” (рўйхати рақами 2863, 28.02.2017 йил) ижроси бўйича минимал талабларга идора ва ташкилотлар томонидан риоя этилаётганлиги юзасидан ўтказилган мониторинглар натижасида 123 та қонунбузилиши ҳолатлари аниқланиб, 9 та тақдимнома, 8 та огоҳномалар киритилди.
Бўлим томонидан бевосита жойлардаги ҳуқуқий муаммолар, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари уларнинг ҳақиқий эҳтиёжлари билан боғлиқ ҳолда таъминланиш даражасини ошириш, жамиятдаги ҳақиқий ҳолатдан келиб чиқиб, манзилли ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш мақсадида сайёр қабуллар ва хонадонма хонадон юриб, ҳуқуқий тарғиботлар ташкил этилмоқда.
Бу каби олиб борилаётган амалий ҳаракатлар натижасида жойларда фуқароларнинг ҳуқуқий муаммолари ўрганилиб, бўлим томонидан ваколат доирасида ҳал этилишига ёки тегишли ҳуқуқий усуллар орқали муаммонинг бартараф этиш йўллари тушунтирилиб, уларнинг оғири енгил қилинмоқда.
Шунингдек, амалга оширилаётган ислоҳотлар, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларига даҳлдор бўлган қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини жамиятдаги аниқ ҳуқуқий ҳолатдан келиб чиқиб, манзилли ҳуқуқий тарғиботни амалга оширилиши аҳолининг, айниқса қишлоқ жойларда ҳуқуқий саводхонлик ва ҳуқуқий маданиятнинг ошишига замин яратилмоқда.