Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

14

Ҳуқуқий тарғибот соҳасида...


Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, янги қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан аҳолини хабардор қилиш, мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, 2019 йил давомида бошқарма ва унинг тизими ходимлари томонидан 15098 маротаба ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилди. Хусусан, оммавий ахборот воситалари орқали жами 1947 маротаба чиқишлар амалга оширилган бўлса, шундан телевидение орқали 195 маротаба, радио орқали 259 маротаба, газета ва журналлар орқали 291 маротаба, веб-сайт ва бошқа ижтимоий тармоқлар орқали 1202 маротаба ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилди.

Бошқарма ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан жами 12224 маротаба оғзаки ҳуқуқий тарғиботлар ташкил этилган бўлиб, шундан 5255 маротаба учрашув, 3110 маротаба давра суҳбати, 1717 маротаба семинарлар, шунингдек, 2142 маротаба уйма-уй бориб, аҳолини янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари мазмуни ва аҳамияти етказилди.

Ўтказилган тарғибот тадбирлари давомида 207198 дан ортиқ фуқаролар қамраб олинди.

Бошқарма томонидан жойларда самарали тарғибот тадбирларини ташкил этиш мақсадида, судлар, Ички ишлар бошқармаси, ҳарбий қисмлар, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилоят Кенгаши, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш бошқармалари билан ҳамкорликда тарғибот режалари тасдиқланиб, унга кўра 45 дан ортиқ оммавий ахборот воситалари орқали, 80 дан ортиқ  давра суҳбатлари, семинарлар ташкил этилди.

Ҳуқуқий саводхонликни оширишга доир 9 турдаги акциялар, флешмоб ва бошқа оммавий тадбирлар ташкил этилди.

Хусусан, аҳолининг барча қатламларини қамраб олган ҳолда бошқарма ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан “Ҳуқуқий билимлар куни” флешмоби ташкил этилди.

Фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, қонунчиликдаги янгиликлардан хабардор қилиш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирларда нотариуслар, давлат хизматлари агентлиги Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси, аҳоли бандлигини таъминлаш бош бошқармаси, таълим муассасалари, маданият бошқармаси ходимлари иштирок этди.

Унда аҳоли учун қизиқарли бўлган ҳуқуқий маълумотлар, яъни нотариат, давлат хизматлари, интеллектуал мулк, сайлов ҳуқуқи, тадбиркорлик соҳаларидаги ҳуқуқий масалаларга оид бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Тадбиркорларга ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган фуқароларга ушбу соҳа мутахассислари томонидан тегишли маслаҳатлар берилди, шунингдек тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ сўровномалар ўтказилди.

Тадбир давомида имконияти чекланган шахслар томонидан яратилган махсулотлар ярмакаси ташкил этилди.

Вилоят адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш юзасидан “Street law” (кўча ҳуқуқи – оддий ҳуқуқ) лойиҳаси юзасидан тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, унда асосан ёшлар жалб этилди ва уларга ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг амалий механизмлари ўргатилди.

“Street law” лойиҳаси шаҳар ва туманларнинг аҳоли гавжум жойларида, хусусан, бозорлар, аҳоли дам олиш масканларида, шунингдек идора ва ташкилотларда ташкил этилди. Тадбирлар давомида кўнгиллилар жалб қилинган ҳолда фуқароларга ўз ҳуқуқларини англаши, ҳуқуқий маданиятини ошириш юзасидан тушунтиришлар берилди ҳамда аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида “Тамаки ва алкоголь соғлиқ учун зарар”, “Йўл қоидаси – умр фойдаси”, “Ҳурматли харидор унутманг!” каби 500 дан зиёд турли хил мавзулар доирасида тайёрланган флаер ва буклетлар ва бошқа турдаги тарқатма материаллар тарқатилди.

Муҳтарам Президентимиз томонидан кўтарилган бешта ташаббуснинг “Ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш” йўналиши мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилган китобхонлик акциялари, ҳуқуқий ва бадиий китоблар ярмаркалари ташкил этилди. 

Бундай ташкил этилаётган тадбирлар фуқароларни китобга бўлган муносабатини янада ўзгартиришга, юртимизда чоп этилаётган ҳуқуқий, бадиий ва бошқа мазмундаги адабиётлар билан танишишга имкон яратди.

Вилоят адлия бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида БМТ Ривожланиш дастурининг “Ўзбекистонда самарали, ҳисоб берувчи ва шаффоф институтлари орқали коррупцияга қарши курашиш” лойиҳаси ҳомийлигида ташкил этилган “Коррупция – тараққиёт кушандаси” умуммиллий иншолар танловининг 1 ва 2-босқичлари ўтказилди.

Мазкур танловларнинг ташкил этилиши ёшларда коррупциянинг фуқаролар, муайян шахс ҳаётига таъсири, қонунга итоаткорлик юксак қадрият ва коррупцияга қарши курашишнинг асоси эканлиги, қариндош-уруғчилик, порахўрлик, кўзбўямачилик, қонунга итоатсизлик ва жавобгарликдан қўрқмасликнинг салбий оқибатлари хусусида кенг тушунчаларга эга бўлишларида муҳим аҳамият касб этади.

Ўтган йил давомида бошқарманинг Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиб олиш ва тарқатиш, тарғибот тадбирларини олиб бориш фаолияти юзасидан вилоят Мактабгача таълим бошқармаси, Маданият бошқармаси, “Ҳисоргеология” ДУК, Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекциясининг Жанубий минтақавий инспекцияси ва Китоб Давлат геология қўриқхонаси, вилоят Бандлиқ бош бошқармаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Қашқадарё вилоят ҳудудий бўлимида ўрганиш ўтказилиб, жами 75 та хато ва камчилик аниқланди ва бартараф этиш ҳамда келгусида бундай хато ва камчиликларга йўл қўймаслик юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

 

Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат

бўлими бошлиғи

Н.Саттарова