Янгиликлар
Ўрганиш натижасида...
Қашқадарё вилоят адлия бошқармасининг 2019 йил III ва IV чоракларга (II ярим йиллик) мўлжалланган иш режаси ижросини таъминлаш мақсадида вилоят адлия бошқармаси ҳамда туман (шаҳар) адлия бўлимлари масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан Қашқадарё вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича туман (шаҳар) инспекциялари фаолиятида давлат бошқарувининг самарадорлиги, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда юридик хизмат соҳасидаги ишларни ташкил этишда қонун ҳужжатларига риоя этилиши аҳволи ўрганилди.
Ушбу соҳада ўтказилган ўрганишларда вилоят адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан бир қатор қонун бузилиши ҳолатлари ҳамда айрим соҳаларда ҳуқуқни қўллашда нотўғри амалиёт йўлга қўйилганлиги ҳолатлари аниқланди.
Хусусан, Қашқадарё вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича туман (шаҳар) инспекциялари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш ва кўриб чиқишда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, мурожаатларни кўриб чиқишда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, атроф табиий муҳит ифлослантирилганлиги ва чиқиндилар жойлаштирилганлиги учун компенсация тўловларини ундиришда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 11 октябрдаги 820-сон қарори талабларига риоя этилмаслик ва бошқа ҳолатларга йўл қўйилган.
Ўтказилган ўрганиш натижалари бўйича вилоят адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан ҳуқуқни қўллаш амалиётини тўғри йўлга қўйиш мақсадида ҳамда аниқланган ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик, уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида 16 та тақдимнома, 24 та огоҳномалар киритилди ҳамда 4 нафар шахсларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, кўриб чиқиш учун маъмурий судларга юборилди.
Вилоят адлия бошқармаси томонидан ўрганиш натижалари бўйича соҳа фаолиятини ривожланишига тўсқинлик қилаётган омиллар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.
Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш
амалиётини ўрганиш бўлими