Янгиликлар
Мен сайловда фаол иштирок этаман
Ходимларининг каттагина қисмини ёшлар ташкил этадиган Қашқадарё вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасида “Мен сайловда фаол иштирок этаман” мавзусида тарғибот тадбири ташкил этилди.
Қарши шаҳар адлия бўлими ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти, сайловларни очиқ-ошкора, миллий сайлов қонунчилигимиз талабларига мувофиқ, демократик сайловлар ўтказиш бўйича тўпланган бой миллий тажрибамизга асосланган ҳолда ҳамда умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормалари ва стандартлари талабларига ҳамоҳанг тарзда ташкил этиш, энг асосийси сайловлар жараёнида ҳар бир фуқарога, сайловчига ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши учун шарт-шароит ва имконият яратиб бериш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди. Кодекснинг афзаллик жиҳати шуки, унда сайловга оид мавжуд бир қатор қонунлар ва қонуности ҳужжатлар яхлит ҳужжатга жамланган. Сайловга доир 10 дан ортиқ халқаро ҳужжат атрофлича таҳлил қилиниб, уларнинг асосий ғоя ва стандартлари кодекс нормаларига чуқур сингдирилган. Кодексдан сайловларни шаффоф ўтказишга хизмат қиладиган ўттиздан ортиқ янги норма ва қоидалар жой олиб, илгари амалда бўлган кўплаб чекловлар чиқариб ташланди. Фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларнинг ҳам сайловларда иштирок эта олиш имконияти яратилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатасига ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловлар ўтказилишига тайёргарлик қизғин бораётгани қайд этилиб, сайлов жараёнларида вужудга келиши мумкин бўлган муаммоли вазиятларга ечим топиш масалалари муҳокама қилинди. Сайлов куни ўз сайлов участкаси ҳудудида бўлмайдиган фуқаролар учун муддатидан олдин овоз бериш жараёни бошлангани билдириб ўтилди.
Тадбир давомида барча ходимларни жорий йилнинг декабрь ойида ўтказиладиган сайлов жараёнларида фаол иштирок этишларига даъват этилди.