Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

11

Нозик хилқатлар химояси


Аёл бир қўли билан дунёни тебратади деймиз. Унга дунёларга татигулик келажак тарбиясини ишониб топширамиз. Нозик елкаларига баъзан бутун рўзғор ташвишини юклаб қўямиз. Баъзан уларнинг заковати олдида ожиз қоламиз.

Баъзан эса уларга нисбатан ноҳақликларнинг забонсиз гувоҳи ҳам бўламиз. Баъзан уларни юпатишга сўз, баъзан чора тополмаймиз.

Албатта, мана шунлай ҳолатларда қонуний йўл топишга, уларга арзигулик маслаҳат беришга ҳаракат қиламиз. Амалдаги нормаларга мурожаат қиламиз. Хотин-қизларнинг ҳуқуқлари жамиятимизда умумий тартибда амалдаги ҳуқуқий нормаларга асосланиб ҳимоя қилиб келинган.

Ушбу ҳимояни кучайтириш чораси сифатида қабул қилинган “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни юқоридаги каби масалаларни ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Жорий йилнинг 3 сентябридан кучга кирган 35 моддадан иборат мазкур қонун давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Адлия вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ билан биргаликда ишлаб чиқилди.

Қонунинг асосий мақсади хотин қизларимизни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ҳамда бошқа жойларда ҳар қандай тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, унда тазйиқлар ва зўравонликдан жабрланганларни ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатлари ўз аксини топган.

Қонунда асосий таянч тушунчалар, яъни зўравонлик, жинсий, жисмоний, иқтисодий, руҳий зўравонликлар, иш жойи, тазйиқ, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи, тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, тазйиқлар ва зўравонликнинг олдини олиш, муҳофаза ордери каби тушунчалар мазмун-моҳияти очиб берилди.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилгани ёки уларни содир этиш таҳдиди тўғрисида ариза билан тегишли ваколатли органлар ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга эканлиги (бунда давлат божларидан озод этилиши), ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш, ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилишга ҳақли эканлиги қонун билан мустаҳкамланди.

Қонунда фаолияти хотин-қизлар билан боғлиқ бўлган барча давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари белгиланди.

Шунингдек, Қонун билан давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳам батафсил белгилаб берилди. Жумладан, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги гендер сиёсати юритилади. Давлат дастурлари ҳамда стратегиялари ишлаб чиқилади ва амалга оширилади. Жамиятда хотин-қизларга нисбатан тазйиқлар ва зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳити яратилади. Хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиниши таъминланади. Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлашга эътибор қаратилади. Хотин-қизларга нисбатан тазйиқлар ва зўравонликнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, уларга чек қўйиш учун самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмлар яратилади. Хотин-қизларга нисбатан тазйиқлар ва зўравонлик содир этилишига олиб келадиган сабаб ҳамда шарт-шароитларни бартараф этиш чоралари кўрилади.

Қонунда профилактика суҳбати ўтказишга оид меъёрлар ҳам белгиланди. Бундай чора тазйиқ ва зўравонлик ҳолларини аниқлаган ваколатли орган вакили томонидан уни содир этишга мойил шахслар билан ўтказилади. Бундай шахсларга жамиятда умумқабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларига риоя этиш, ғайриижтимоий хулқ-атворнинг ижтимоий ҳамда ҳуқуқий оқибатларини тушунтирилади. Акс ҳолда жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилади.

Қонундаги энг муҳим жиҳат – ҳимоя ордерини бериш билан боғлиқ. Эндиликда тазйиққа дуч келган хотин-қизларга ҳимоя ордери берилади. Қонунда ордер бериш тартиби, унинг муддатини узайтириш, ҳимоя ордерида назарда тутиладиган чекловлар акс этган.

Бундан буён ваколатли органлар ҳамда тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ташкилотлар жабрланувчиларига тиббий, ҳуқуқий, ижтимоий, руҳий ва бошқа ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказлар ташкил этиши мумкин.

Зўравонлик ҳолати мавжуд бўлганда тазйиқ ва зўравонлик жабрланувчисининг ёки унинг қонуний вакилининг бошпана бериш тўғрисидаги талаби бўйича тегишли ваколатли органлар ва ташкилотлар уларнинг махсус марказларга жойлаштирилишини таъминлайди.

Умуман олганда, жамиятимизда ҳар доим ҳам хотин-қизлар ҳимояси алоҳида эътиборда бўлган, хотин-қизларимизга маълум имтиёзлар, енгилликлар яратилган. Кейинги йилларда ажримлар оқибатида аёлларимизнинг ҳуқуқлари камситилишини олдини олиш мақсадида ҳам қатор ишлар амалга оширилиб келинёатганлигидан барчамиз хабардормиз.

Халқимиз орасида оналаримизнинг пойи қадамлари жаннатларга тенглаштирилган.

Шундай экан, ушбу қонун яна бир бор хотин-қизларимизни ҳимоясини мустаҳкамлашда, уларни ҳар қандай камситишлардан ҳимоя қилишда муҳим қадам бўлади.

 

Рисолат Абдуллаева

Қарши туман Адлия бўлими бошлиғи