Янгиликлар
Ёшлар ўртасида сайлов қонунчилиги бўйича танлов ўтказилди
Ёшларнинг ҳуқуқий билим ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, жорий йилнинг 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда вилоят, туман ва шаҳар халқ депутатлари кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида Қашқадарё вилоятида “Ёш сайловчи 2019” Қашқадарё ёшлари форуми доирасида вилоят адлия бошқармасининг ташаббуси билан сайлов қонунчилиги юзасидан танлов ташкил этилди.
Мазкур танловда “Сиз қонунни биласизми?” ҳамда “Тафаккур синовлари” танловларининг вилоят босқичи ғолиблари Қарши давлат университети, Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Академик лицей жамоаси ҳамда Қашқадарё вилоят юридик коллежи жамоаси иштирок этди.
Жамоалар Конституция, мамлакатимизда сўнги уч йил ичида амалга оширилган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, сайлов қонунчилиги юзасидан билими, фикр-мулоҳазалари, шунингдек қонунчиликка, ёшларни сиёсий билимларини ошириш юзасидан таклифлар бериш, тезкор савол-жавоб, “Мен депутат бўлсам” мавзусидаги шартлар асосида беллашдилар.
Танлов якунига кўра, Қарши давлат университети “Адолат” жамоаси 3-ўрин, Қашқадарё вилоят юридик коллежининг “Жасорат” жамоаси 2-ўрин ва Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Академик лицейининг “Ватанпарвар” жамоаси 1-ўринни эгаллади.