Янгиликлар
Сайёр қабулларда мурожаатлар ўрганилмоқда
Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан йил якунига қадар барча маҳаллаларни қамраб олган ҳолда ўтказилиши белгиланган сайёр қабуллар мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.
Жорий йилнинг 7 декабрь куни барча туман ва шаҳарларда ташкил этилган сайёр қабулларда адлия бўлимлари билан бир қаторда аҳоли билан ишлайдиган идора ва ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этди.
Сайёр қабуллар давомида фуқароларнинг мурожаатлари юзасидан тегишли идора ва ташкилотлар вакиллари томонидан ечимини топиш юзасидан кўрсатма ва маслаҳатлар берилди.
Мазкур қабулларда 700 дан ортиқ фуқаролар иштирок этиб, уларнинг 300 дан ортиқ мурожаатлари юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 100 га яқин мурожаатлар ўрганиш мақсадида иш юритувига қабул қилинди.
Хусусан, Қарши шаҳар адлия бўлими томонидан “Қарлиқхона” МФЙда, Қамаши туман адлия бўлими томонидан “Чуқурқишлоқ”, “Кўкбулоқ”, “Боғобод” ва “Улуғбек” МФЙларда, Ғузор туман адлия бўлими томонидан “Қуштепа” МФЙда, Қарши туман адлия бўлими томонидан “Батош” МФЙда сайёр қабуллар ташкил этилди.
Бундан ташқари, сайёр қабуллар давомида фуқароларга Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Сайлов кодекси, Ўзбекистон Республикаси “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқли ҳамда, имкониятлар тўғрисида”ги, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5270-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги 44-сон, “Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисида”ги 285-сонли қарорлари мазмун-моҳияти ва аҳамияти тушунтирилди.