Янгиликлар
Ҳар бир нормада инсонпарварлик руҳи сингдирилган
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа даҳлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши, давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб амалга ошириши асосий принцип сифатида белгилаб берди.
Бош қомусимизда белгиланган нормалар асосида давлатимиз томонидан олиб борилаётган ҳар бир чора-тадбир фуқаролар манфаати, турмуш фаровонлиги йўлида амалга оширилмоқда.
Бу борада, Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Қамаши туман адлия бўлими томонидан “Меҳрибонлик уйи”да ташкил этилган “Ҳуқуқий синф”да муассаса тарбияланувчилари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилинганлигини 27 йиллиги муносабати билан “Ҳар бир бола қонун ҳимоясида” деб номланган бола ҳуқуқларига бағишланган тадбир ўтказилди.
Туман адлия бўлими ходимлари болаларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 27 йиллиги билан қизғин табриклаб, мустақиллигимизнинг илк кунлариданоқ Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги, ёшлар ҳуқуқларига доир халқаро ҳуқуқ нормалари миллий қонунчилигимизда ўз аксини топганлиги тушунтирилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси 1992 йил 9 декабрда илк бор халқаро ҳуқуқий ҳужжат, яъни Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция ратификация қилинганлиги ва Конституциямизнинг қатор моддаларида ҳам болалар ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатланганлиги таъкидлаб ўтилди.
Тадбир давомида болаларга Конституцияда белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлари, бурчлари юзасидан саволлар берилди. Фаол иштирок этган болаларга бадиий китоблар тақдим этилди.