Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

26

Ярим йиллик фаолият таҳлили


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Н.Йўлдошев раислигида адлия органлари ва муассасалари томонидан 2013 йилнинг 1-ярим йиллигида амалга оширилган ишлар ва келгусида тизим олдидаги устувор вазифаларга бағишланган Ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда қайд этилганидек, қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш каби вазифалар адлия органлари фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири саналади. Адлия органлари томонидан тадбиркорлик субъектлари ва хусусий мулк эгалари, хорижий инвесторлар ҳамда чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, хўжалик юритувчи субъектларга шартномалар тузиш, уларнинг бажарилишида ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилнинг ярим йиллиги давомида қонун ижодкорлиги соҳасида 23 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан 7 та қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди. 692 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди, 767 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар давлат ҳисобига олинди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун энг қулай шарт-шароитларни яратиш, уларни ташкил қилишни соддалаштириш, лицензия ва рухсатномалар бериш, статистик, молиявий ва солиқ ҳисоботлари шаклларини қисқартириш, божхона расмийлаштируви механизмини такомиллаштириш бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатларига асосан белгиланган имтиёз ва қулайликларнинг жойларда қўлланилиши юзасидан тегишли тадбирлар амалга оширилди.

Бундан ташқари тадбиркорлар фаолиятида мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда тадбиркорликни амалга ошириш учун қулай шарт-шароитларни яратишга оид қонунчиликни янада такомиллаштириш юзасидан адлия органлари томонидан бир қатор таклифлар ишлаб чиқилди.

Маълумки, ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишда таълимнинг етакчи тармоғи ҳуқуқшунослик соҳаси ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу жиҳатдан мустақиллик йилларида Ўзбекистонда таълим, хусусан юридик таълим соҳасини тубдан қайта ислоҳ қилиш, ёш ҳуқуқшуносларни ҳар томонлама билимли ва маънавий баркамол қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мажлисда Президентимизнинг соҳа фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган Қарори ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар атрофлича муҳокама этилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 28 июндаги“Юридик кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори асосида Тошкент давлат юридик институтининг университетга айлантирилиши ҳуқуқий таълим тизими нуфузи ва мавқеини янада оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

Эндиликда университетнинг ўқув корпуслари янги бинолар ҳисобига кенгайтирилади. Талаба ва профессор-ўқитувчилар учун замонавий хизмат кўрсатишга мўлжалланган комплекслар бунёд этилади. Ўқув жараёни керакли жиҳозлар, ахборот воситалари ҳамда бошқа зарур ускуналар билан таъминланади. Ушбу саъй-ҳаракатлар ўқув-тарбия жараёнини оптималлаштириш, ўқувнинг бир сменали тартибда олиб бориш имконини беради. Мажлисда бу борада белгиланган тадбирларни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш юзасидан зарур кўрсатмалар берилди.

Ҳайъат мажлисида қонун ижодкорлиги, суд ижро ишлари самарадорлигини янада ошириш, халқаро арбитражларда Ўзбекистон манфаатларини самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш йўналишида белгиланган тадбирлар ижроси, ўрганишлар самарадорлигини ошириш, 2013 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим устувор вазифаларини амалга оширилиши юзасидан адлия органларига юклатилган вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш, шунингдек, нотариат ва ФҲДЁ органларида ижро интизоми бўйича қилиниши лозим бўлган тадбирлар юзасидан ҳудудий адлия органлари фаолияти таҳлил этилиб, бу борада йўл қўйилган айрим камчиликлар юзасидан масъул раҳбарларнинг ахборотлари тингланди ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

Мажлисда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.