Янгиликлар
Мурожаатлар ўз ечимини топмоқда
Қашқадарё вилоят адлия бошқармасининг ташаббуси билан йил якунига қадар вилоятдаги барча маҳаллаларни қамраб олган ҳолда сайёр қабуллар ташкил этилиши жадал давом этмоқда.
Қарши туман адлия бўлими томонидан “Жумабозор” МФЙда “Дашт” ва “Хониён” МФЙлари аҳолиси учун сайёр қабул ташкил этилди.
Сайёр қабулда туман Бандликка кўмаклашиш маркази ҳамда қишлоқ врачлик пункти вакиллари ҳам иштирок этди. Қабул давомида ҳуқуқий масалаларда 6 нафар фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Фуқаро Шаропова Зулайҳонинг иш билан таъминлаш ҳақидаги мурожаати жойида ҳал этилиб, туман Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан таклиф этилган “Cotton road” қўшма корхонасига бўш иш ўрнига йўлланма берилди.
Сайёр қабулда Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги ПҚ–4235-сон “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмуни ва моҳияти ҳам батафсил тушунтириб берилди.