Янгиликлар
Хотин-қизлар ҳуқуқлари тушунтирилди
Аёл зоти табиатнинг нозик хилқати, деб таъриф берилиши бежиз эмас. Ҳақиқатан хотин-қизлар эътибор ва ҳимояга доим эҳтиёж сезади.
Аммо ҳаёт доим бир текисда давом этмайди. Айрим ҳолларда хотин-қизлар турли шафқатсизликларга ҳам дуч келади. Албатта, бундай ҳолларда уларнинг ҳуқуқлари умумий ҳуқуқий мезонларга мувофиқ ҳимоя қилиб келинган.
Нишон туман адлия бўлими туман ИИБнинг масъул ходими билан биргаликда туман “Оила” марказида оила қуриш арафасида бўлган ёшлар ўртасида 25-ноябрь “Халқаро хотин-қизларга нисбатан зўровонликка қаршимиз” куни муносабати билан “Биз зўровонликка қаршимиз” шиори остида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбир давомида хотин-қизларни ҳимоялаш механизмини кучайтириш мақсадида янги “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинганлиги, ушбу қонуннинг мақсади хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ҳамда бошқа жойларда тазйиқлар ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилганлиги, ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш, шунингдек, тазйиқлар ва зўравонликдан жабрланганларни ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш ҳам қонуннинг муҳим мақсадларидан бири эканлиги таъкидланди.
Эндиликда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилгани ёки уларни содир этиш таҳдиди тўғрисида ариза билан тегишли ваколатли органлар ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга эканлиги, шунингдек, улар махсус марказларда, ишонч телефони орқали бепул ҳуқуқий маслаҳат олиш мумкинлиги, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш, ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилишга ҳақли эканлиги, ҳимоя ордери шартлари бузилган тақдирда уларни бу ҳақда хабардор қилиш, содир этилган тазйиқ ва зўравонлик натижасида ўзига етказилган моддий ҳамда маънавий зарарни қоплаш талаби билан судга мурожаат этишлари ҳам мумкинлиги ҳамда судга мурожаат этганида улар давлат божи тўлашдан озод қилиниши тушунтириб ўтилди.