Янгиликлар
Ҳуқуқий билимлар куни
Муборак туман адлия бўлими томонидан аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, Давлат хизматлари маркази, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси туман бўлими, малакали адвокат иштирокида Муборак тумани саноат касб-ҳунар коллежида “Ҳуқуқий билимлар куни” тадбири ўтказилди.
Тадбир давомида фуқаролар тегишли соҳа вакилларига ўзиларини қизиқтирган саволлар билан ҳамда мавжуд муаммолар юзасидан мурожаат қилдилар. Асосан ижтимоий таъминот, иш билан таъминлаш, иш ҳақини ўз вақтида тўлаш ва тадбиркорлик билан боғлиқ саволларга тадбир ташкилотчилари томонидан батафсил жавоб берилди.
Соҳа мутахассислари томонидан тадбир иштирокчиларига тадбиркорлик фаолиятига оид янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжжатлар, Давлат хизматлари кўрсатиш жараёнидаги янгиликлар ва бошқа янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Шунингдек, 50 дан ортиқ “Huquqiy axborot” канали ҳамда “Advice.uz” ҳуқуқий ахборот портали ҳақида маълумот берувчи флаерлар тарқатилди.
Худди шундай тадбир Деҳқонобод туман адлия бўлими томонидан туман марказидан олисда бўлган “Оқиртма” МФЙда туман ИИБ бошлиғининг ўринбосари, МФЙ раислари ҳамкорлигида ташкил этилди.
Фуқароларга сайлов, хотин-қизларнинг қонуний ҳимояси билан боғлиқ қонунлар, жисмоний ва юридик шахслар томонидан мурожаат қилиш тартиблари, коррупция ва диний экстремизмга қарши курашувчи ва олдини олишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмуни тушунтирилди.
Улар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб берилди.