Янгиликлар
Акция доирасида тадбирлар
Сайловлар демократияни амалга оширишнинг бевосита шакли бўлиб, фуқароларни уюшган ҳолда ўзлари яшаб турган давлат ва жамиятни бошқариш жараёнларига сафарбар этади. Ҳақиқатдан ҳам халқ ҳокимиятининг бевосита олий ифодасини эркин сайловлар ташкил этади. Бунда фуқаролар ҳар қандай жараённинг иштирокчиси бўлганидек, сайлов жараёнида иштирок этиб, ўзига сиёсий тажриба орттиради. Улар, авваламбор, ўзларининг сиёсий онгини чархлаб, сиёсий-ҳуқуқий маданиятини оширади ва бу жараёнда иштирок этишнинг ташкилий-ҳуқуқий жиҳатларини такомиллаштириб боради.
Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан ҳам фуқароларнинг сайлов қонунчилиги юзасидан билимларини ошириш мақсадида бир қатор тадбирлар ташкиллаштирилмоқда.
“Сайловга адлия чорлови” акцияси доирасида ўтказилаётган тадбирларда аҳолининг ҳуқуқий онги ва сайлов маданиятини юксалтириш, ҳар бир фуқарода Ватан олдида фарзандлик бурчини, даҳлдорлик ҳиссини шакллантириш мақсад қилиб олинган.
Тадбирларда фуқароларга сайловларнинг аҳамияти, сайлаш ҳуқуқи, сайлов куни сайловчи сифатида амалга ошириладиган ҳаракатлар, сайловчилар рўйхати, муддатидан олдин овоз бериш, сайловчиларнинг турган жойларида овоз бериш тартиблари, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, санаторийларда, дам олиш уйларида, касалхоналарда ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкалари тузилиши мумкинлиги тушунтирилмоқда.