Янгиликлар
Хотин-қизлар қонун ҳимоясида
25 ноябрь-Халқаро аёлларга қарши зўравонликка қарши курашиш куни муносабати билан “Биз зўравонликка қаршимиз” акцияси доирасида тадбир ташкил этилди. Тадбирда Қарши туман адлия бўлими, туман хотин-қизлар қўмитаси ва Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази Қарши туман бўлими, туман маданият бўлими ва ФҲДЁ бўлими ходимлари иштирок этдилар.
Тадбир давомида иштирокчиларга туман адлия бўлими томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги ПҚ–4235-сон “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмуни ва моҳияти тушунтирилди.
Иштирокчиларга аёллар бир қатор ваколатли органлар Вазирлар Маҳкамаси, жойлардаги маҳаллий давлат органлари, ИИО, меҳнат органлари, таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ҳамда таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш тизими ва соғлиқни сақлаш муассасалари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан турли шаклда ҳимоя қилиниши таъкидланди.
Тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш мақсадида профилактика суҳбати, ҳимоя ордерини бериш, ёрдам кўрсатиш махсус марказларига жойлаштириш, зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастурларидан ўтиш каби чора-тадбирлар белгиланганлиги, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига ёрдам кўрсатган шахсларга маълум бўлиб қолган барча шахсга доир маълумотлар қонун ҳужжатлари билан қўриқланиши, уларни ошкор этган шахслар жавобгарликка тортилиши тушунтирилди.