Янгиликлар
Мен шахсан овоз бераман
Жорий йилнинг 22 декабрида бўлиб ўтадиган сайловларни мамлакатимиз Конституцияси ҳамда қонунлари, умумэътироф этилган халқаро демократик стандартлар асосида ўтказиш кўп жиҳатдан фуқароларнинг сиёсий маданияти ва фаоллиги, фуқаролик бурчини чуқур англашига боғлиқдир.
Сайловчилар жамиятда олиб борилаётган демократик ислоҳотлар ва уларнинг самараларидан кенг хабардор бўлган, ўз овози жамият ҳамда давлат ҳаёти, мамлакатнинг келажаги учун нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини англаб етган тақдирдагина сайловлардан кўзланган мақсадга эришиш мумкин.
Шу сабабли, Қамаши туман адлия бўлими томонидан Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 15 ноябрдаги 983-сонли қарорига асосан, маҳаллаларда “Мен шахсан овоз бераман” мавзусида тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Бундай тадбирлар маҳаллалар, идора ва ташкилотларда ўтказилиши билан бир қаторда уйма-уй юрган ҳолда ҳам ташкил этилиб, фуқароларга сайлов ҳуқуқлари тушунтирилмоқда.
Уларга сайлов қонунчилиги юзасидан тайёрланган флаер ва буклетлар тарқатилмоқда, қизиқтирган саволларига жавоб берилмоқда.
Бу тадбирларда сайлов фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштирокининг асосий шакли, уларнинг ўз сиёсий ҳуқуқларини рўёбга чиқариши, хоҳиш-иродасини эркин ифодалашини таъминлашга хизмат қиладиган муҳим сиёсий тадбир эканлиги тушунтирилмоқда.
Зеро, янги қабул қилинган Сайлов кодекси билан сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги янгиликлар, Марказий сайлов комиссиясининг сайлов масалаларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини, шунингдек, сайловчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кенг тушунтириш бўйича ишлар самарадорлигини янада ошириш бугунги куннинг энг долзарб вазифасидир.