Янгиликлар
Интеллектуал мулк муҳофазаси
Қашқадарё вилоят адлия бошқармасида жорий йилнинг 22 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги ҳамда вилоят адлия бошқармасининг масъул ходимлари томонидан жамиятда интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуққа нисбатан ҳурмат билан қараш маданиятини шакллантириш мақсадида тадбир ташкил этилди.
Тадбирда туман ва шаҳар адлия бўлимлари масъул ходимлари, интеллектуал мулк ҳимоясига даҳлдор ташкилот ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга барҳам бериш бўйича ишларни юқори даражада ташкил этиш, давлат хизматлари кўрсатиш тизимининг самарадорлигини ташкил этиш, идоралараро мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида, интеллектуал мулк соҳасида малакали кадрларни тайёрлаш, шунингдек патент божлари ва тўловларини мақбуллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 февралдаги “Интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4168-сон қарорининг қабул қилинганлиги таъкидланди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимига ўтказилсин ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги этиб қайта номланганлиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4380-сон қарорида агентликнинг асосий вазифалари ҳамда ҳудудларда ҳам интиеллектуал мулк соҳасини тартибга солиш таомиллари белгилаб берилганлиги, хусусан мазкур қарорга асосан Агентликнинг асосий вазифасидан бири жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ва интеллектуал мулкка нисбатан ҳурмат ҳиссини шакллантириш этиб белгиланганлиги тушунтириб берилди.
Адлия вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига ҳам корхона, муассасалар ва ташкилотларга интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилишни таъминлаш бўйича консультатив ва амалий кўмаклашиш вазифаси юклатилганлиги таъкидланиб, интеллектуал мулкнинг самарали ҳимоясини таъминлаш, жамиятда интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуққа нисбатан ҳурмат билан қараш маданиятини шакллантириш, интеллектуал мулк соҳасида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўйича таъсирчан чораларни кўриш борасида тушунтиришлар берилди.
Тадбир сўнгида маърузачи ва иштирокчилар мавзу юзасидан ўз фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.