Янгиликлар
Меҳнат ҳуқуқи тикланди
Қамаши туман адлия бўлими томонидан Қамаши тумани “Қизилқишлоқ” МФЙ Тегирмонқул қишлоғида яшовчи фуқаро Пўлатова Соҳиба туман ҳалқ таълими бўлимига қарашли 31-мактабда котиба бўлиб ишлаши ҳамда мактаб директори томонидан асоссиз равишда 1 ставка иш ўрни қисқартирилганлиги тўғрисидаги мурожаати кўриб чиқилди.
Ўрганиш натижасида, мактаб директори М.Беккаев томонидан фуқаро С.Пўлатовани хабардор қилмасдан, унинг розилигисиз фаолиятини 0,5 ставкага қисқартириш тўғрисида буйруқ чиқарганлиги, бу билан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг талабларига риоя этилмаганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан қонунбузилиши холатларини бартараф этиш ҳамда келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан туман адлия бўлими томонидан мактаб маъмуриятига тақдимнома киритилди ҳамда унга асосан фуқаро С.Пўлатова тўлиқ ставкага ўтказилди.
Қонунбузилишига ҳамда фуқаронинг меҳнат ҳуқуқларини қўпол равишда бузилишига йўл қўйган мактаб директори М.Беккаев Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 49-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий жавобгарликка тортилди.
Бундан ташқари, туман адлия бўлими томонидан Қамаши тумани, “Ойнакўл” МФЙ, Қушчи қишлоғида яшовчи фуқаро И.Абдуллаевнинг маҳалла томонидан фарзанди учун тайинланган 02 ёшгача нафақа пуллари берилмаётганидан норозилиги ҳақидаги мурожаатини ўрганиш натижасида “Ойнакўл” МФЙ томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сонли қарори билан тасдиқланган “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низом талаблари бузилишига йўл қўйилганлиги аниқланди.
Хусусан, фуқаро И.Абдуллаевнинг 2017 йил 7 декабрда туғилган фарзанди Хуррамов Комил учун 2019 йил 1 апрелдан бошлаб 02 ёшгача нафақа тайинланган бўлсада, жорий йилнинг сентябрь, октябрь ва ноябрь ойлари учун нафақа пуллари тўлаб берилмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан “Ойнакўл” МФЙга киритилган тақдимномага асосан тўланмай қолган 3 ойлик, жами 1 216 380 сўм нафақа пуллари фуқарога тўлиқ тўлаб берилди.