Янгиликлар
Сайлов маданияти оширилмоқда
Сайлов инсоният ўйлаб топган, ҳокимият ваколатини вужудга келтирувчи энг қадимий усуллардан ҳисобланиб, у демократиянинг ёрқин ифодаси, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларида иштирокининг муҳим шакли, давлат бошлиғи, вакиллик органларини вужудга келтиришнинг асосий воситасидир. Халқ суверенитетини, демократик сиёсий режимни таъминлаб, сиёсий элитани аҳоли назоратида бўлишини таъминлайди.
Мамлакатимизда жорий йилнинг декабрь ойида бўлиши назарда тутилаётган сайловларда сайловчиларнинг ўз сиёсий ҳуқуқларидан фойдаланишлари, ўзларининг лозим деб топган номзодларига овоз бериб, муносиб вакиллар сайланишида иштирок этишлари муҳимдир.
Бу сиёсий жараёнда фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини янада юксалтириш ва сайлов маданиятини ошириш натижасида аҳолини сайловларда фаол иштирокини таъминлаш мақсадида Қарши шаҳар адлия бўлими томонидан турли жойларда тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда.
Жорий йилнинг 14 ноябрь куни АТБ “Халқ банки”нинг Қашқадарё вилояти филиалида “Мен сайловга шахсан иштирок этаман” мавзусида ўтказилган тадбирда ҳам банк ходимларига Сайлов кодекси мазмун-моҳияти, бу йил ўтказиладиган сайловларнинг ўзига хос жиҳатлари, янги нормалар, ўзгартиришлар, қўшимчалар ҳақида сўз юритилди.
Тадбир давомида сайловчилар сайлов куни ўзларининг сайлов участкаларида бўла олмаган тақдирда, чет элда, даволаниш, дам олиш муассасаларида бўлганлар, озодликдан маҳрум қилинганлар фуқароларнинг сайловда иштирок этиш тартиблари тўғрисида тушунтириш берилди.