Янгиликлар
Қулай имтиёз ва преференциялар
Мамлакатимизда хорижий инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини жорий этиш, уларга юртимизда эркин фаолият юритишлари учун қулай имтиёз ва преференциялар бериш, умуман, инвестициявий муҳитни янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси томонидан ташкил этилган анжуманда ҳам ана шулар ҳақида атрофлича сўз юритилди. Унда тижорат банклари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бевосита хорижий инвестициялар иштирокидаги кархоналар вакиллари, тадбиркорлар иштирок этдилар.
Тадбирда инвестицияларни рағбатлантириш борасида қабул қилинган бир қатор қонунлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш, инвесторлар ҳуқуқларини муҳофаза қилишни кафолатлашда муҳим дастуриламал бўлаётганлиги таъкидланди.
Жумладан, “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги Қонунда чет эл инвестицияларини амалга ошириш шакллари, улар учун ҳуқуқий режим ҳамда инвесторларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгилаб берилди. “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги Қонун билан эса чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари, уларни ҳимоя қилиш чоралари ҳамда бу борадаги кафолатларни бузганлик учун жавобгарлик масалалари назарда тутилди. Бундан ташқари, Президентимизнинг соҳани ривожлантиришга оид фармонларига асосан хорижий сармоялар иштирокидаги корхоналарга бир қатор имтиёз ва афзалликлар берилди.
Самарали инвестиция сиёсати кўп жиҳатдан давлатнинг муваффақиятли тараққиётини белгилайди. 2013 йил биринчи ярим йиллигида Ўзбекистонда инвестиция сиёсатини амалга ошириш натижалари келажакка катта ишонч билан қараш имконини беради. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида ўзлаштирилган инвестициялар ҳажмини 10,2 фоизга, шу жумладан хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажмини – 13,2 фоизга кўпайтириш таъминланди. Бу борадаги юқори кўрсаткичлар мамлакатимиз иқтисодиётида шаклланган институционал муҳит корхоналарни модернизация қилиш ва ривожлантириш учун инвестициялар жалб қилиш кафолати эканидан далолатдир.
Катта иқтисодий салоҳиятга эга бўлган Қашқадарё вилоятида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш ва фаолият кўрсатиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашга ҳамда жаҳон иқтисодий интеграциялашувига қўшадиган ҳиссасини оширишга муҳим устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Бу ишларнинг барчаси инвестиция муҳитини янада яхшилаш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш ва реконструкция қилиш, қўшима янги иш ўринлари яратиш дастурларини амалга оширишга хизмат қилмоқда.
Адлия бошқармаси томонидан хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарни ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Жорий йилнинг 1 ярим йиллиги давомида бошқарма бўлими томонидан инвестициялар ҳимояси йўналишида тегишли идораларга нисбатан 30 дан ортиқ таъсир чоралари қўлланилди. Судларга 76 млн. сўмдан ортиқ 28 та даъво аризалари киритилди. Тадбиркорларнинг ҳамда хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилиши ҳолатларини зудлик билан аниқлаш ва қонуний чоралар кўриш мақсадида кўп тармоқли “Ишонч телефони” фаолияти йўлга қўйилган.
Тадбирда назорат қилувчи органлар томонидан хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарда текширишларнинг қонунийлигини таъминлаш, корхоналарда ўтказилаётган мониторинг натижалари, хўжалик судларига даъво аризалар киритишда янгича тартиблар, фаолиятда инвестициявий дастурлар йўналиши ҳамда хорижий корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказишдаги қонунчилик юзасидан иштирокчиларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтарилди.