Янгиликлар
Қашқадарёда “Ҳуқуқий билимлар куни” тадбири
Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси томонидан фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, қонунчиликдаги янгиликлардан хабардор қилиш мақсадида Қарши шаҳридаги “АТЛАС” Медиа паркида “Ҳуқуқий билимлар куни” флешмоби ташкил этилди.
Мазкур флешмобда адлия бўлимлари, нотариуслар, Давлат хизматлари агентлиги Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси, Бандлик бош бошқармаси, таълим муассасалари, маданият бошқармаси ходимлари иштирок этиб, аҳоли учун қизиқарли бўлган ҳуқуқий маълумотлар, яъни нотариат, давлат хизматлари, интеллектуал мулк, сайлов ҳуқуқи, тадбиркорлик соҳаларидаги ҳуқуқий масалаларга оид бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Тадбир ўтказиладиган жой акцияга мос баннер ва плакатлар билан безатилди. Мониторда сайлов қонунчилиги, тадбиркорлик, нотариат, “Huquqiy axborot” каналига оид ролик ва слайдлар, инфографикалар намойиш этилди.
Тадбир доирасида турли хил ёшдаги аҳоли қатлами жалб этилиб, 400 дан ортиқ фуқаролар иштирок этди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган мавзуларда саволларга жавоб олиш билан бир қаторда мурожаатлари билан боғлиқ қонун ҳужжатлари мазмуни билан ҳам таништирилди. Уларга турли хил мавзуда тайёрланган флаер ва буклетлар тарқатилди.
Бандлик бош бошқармаси томонидан тадбир иштирокчилари эътиборига вилоятда бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар ҳавола этилди. Тадбиркорларга ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган фуқароларга ушбу соҳа мутахассислари томонидан тегишли маслаҳатлар берилди, шунингдек тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ сўровномалар ўтказилди.
Тадбир давомида имконияти чекланган шахслар томонидан яратилган махсулотлар ярмакаси ташкил этилди.
Йиғилганларнинг ҳуқуқий билимларини синаб кўриш ва ошириш мақсадида ҳуқуқий мавзудаги саволлар, тестлар берилиб, фаол иштирок этган иштирокчиларга эсдалик совғалари тарқатилди.
Тадбир санъаткорлар томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар билан янада қизиқарли ва жозибали тус олди.
Тадбир тафсилотлари вилоят телевидениеси томонидан тасвирга олинди.