Янгиликлар
Интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазаси
Қашқадарё вилояти адлия бошқармасида жорий йилнинг 11 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги масъул ходимлари билан ҳамкорликда давлат бошқарув ва хўжалик бошқарув органлари, тадбиркорлик субъектлари, олий таълим муассасалари илмий ходимлари ҳамда талабалари иштирокида “Интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазаси” мавзусида семинар ташкил этилди.
Мазкур семинарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 февралдаги “Интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4168-сон қарори мазмуни, унга асосан Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимига ўтказилганлиги ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги этиб қайта номланганлиги, ҳозирги кунда вазирлик ҳузурида фаолият юритиб келаётганлиги таъкидлаб ўтилди.
Юқоридаги қарор билан бугунги кунда энг долзарб соҳалардан бирига айланган интеллектуал мулк соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, халқаро стандартлар хамда халқаро ҳуқуқ нормаларини имплементация қилиш асосида такомиллаштириш мақсадида қабул қилинганлиги билдириб ўтилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги қошидаги Интеллектуал мулк консультатив маркази бўлим бошлиғи томонидан “Товар белгилари ва товар келиб чиққан жой номларининг ҳуқуқий муҳофазаси” мавзусида маъруза қилиб, амалиётда интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказиш, уларнинг ҳуқуқий муҳофазаси процедуралари хусусида тушунтиришлар бериб ўтди.
Тадбир сўнгида маърузачи ва семинар иштирокчилари ўртасида интеллектуал мулк соҳасида мавжуд муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш, интеллектуал мулк ҳуқуқи қонунчилигини такомиллаштириш юзасидан ўзаро фикр-мулоҳазалар алмашдилар.
Тадбир тафсилотлари вилоят телевидениеси томонидан тасвирга олинди.