Янгиликлар
Келажак бугундан бошланади
Деҳқонобод туман адлия бўлими томонидан туман ИИБ ҳамда ФҲДЁ ходимлари билан ҳамкорликда 69-сонли умумий ўрта таълим мактабида таҳсил олаётган 10-11-синф ўқувчилар ва тарбияси оғир вояга етмаганлар иштирокида уларнинг диний экстремизм, терроризм ва бошқа ёт ғояларга қарши иммунитетини шакллантириш ҳамда давлатимиз томонидан уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари кафотланганлигини тушунтириш мақсадида тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги Қонунлар, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 августдаги “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузуридаги “Yoshlar kelajagimiz” жамғармаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2018 йил 10 майдаги “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари мазмун-моҳияти тушунтириб берилди.
Туман адлия бўлими томонидан ўқувчиларга мамлакатимизда таълим олиш учун яратиб берилаётган имкониятлар хусусида ҳам алоҳида тўхталиб ўтиб, ўз келажаги ва ҳаёти учун барча шароитлардан унумли фойдаланган ҳолда етук шахс бўлиб шаклланишлари лозимлиги таъкидланди.
Худди шундай тадбирлар Шаҳрисабз туман адлия бўлими томонидан туман ИИБ профилактика инспектори, “Лолистон” МФЙ раиси ҳамкорлигида туман Педагогика коллежида, Чироқчи туман адлия бўлими томонидан 1 ва 2-умумий ўрта таълим мактабларида ташкил этилди.