Янгиликлар
Кенг қамровли тарғиботлар
Ғузор туман адлия бўлими ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазир қабулхонаси Ғузор туман бўлими билан биргаликда тумандаги “Карвон” савдо мажмуасида фаолият юритаётган тадбиркорларни ҳомийлик ва хайрия ёрдами кўрсатиш ишларига мажбурий жалб қилиш, уларга нисбатан маъмурий ва бошқа чораларни қўллаш таҳдиди остида йиғилишлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш ҳолатларини аниқлаш бўйича тарғибот тадбирлари ва аноним сўровлар ўтказилди.
Тадбиркорларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5837-сонли, “Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5817-сонли ҳамда “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида”ги Фармонлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори хусусида тушунтиришлар берилди.
Туман адлия бўлими томонидан бошқа соҳаларда ҳам кенг қамровли тадбирлар ташкил этилмоқда. Хусусан, тумандаги 29575-сонли ҳарбий қисмда Ўзбекистон Республикаси “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январь кунидаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони юзасидан тадбир ташкил этилди.