Янгиликлар
Инсон ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйилмайди.
Адлия органларининг асосий вазифаларидан бири инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларини доимий равишда таҳлил қилиш, шунингдек давлат органлари ва ташкилотлари томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш ҳисобланади.
Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси томонидан олий, ўрта-махсус ва халқ таълим идораларида фаолият кўрсатиб келаётган ўқитувчиларга ўқув машғулотларини ўтказганлик учун меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш аҳволи таҳлил қилинди.
Ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, олий, ўрта-махсус ва халқ таълим идоралари томонидан “Ўқув машғулотларини ўтказганлик учун меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорини тасдиқлаш тўғрисида”ги (рўйхат рақами 3157, 22.04.2019 йил) қарорга асосан 2018 йил 1 ноябрдан - 2019 йил 1 май кунига қадар ўқитувчи ва профессорларнинг меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш бўйича қайта ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилмаганлиги ҳамда тегишли тўловлар тўлиқ тўлаб берилмаганлиги аниқланиб, тегишли таъсир чоралари киритилди.
Киритилган таъсир чоралари натижасига кўра ўқитувчиларга ўқув машғулотларини ўтказганлик учун 5 863 099 241 сўм миқдорида пул маблағлари қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди ҳамда тўланмаган ушбу пул маблағларини зудлик билан тўлаб бериш назоратга олинди.